Жаҳон | 08:34 / 19.12.2022
7735
2 дақиқада ўқилади

Лондон Киевга чорак миллиард фунтлик снарядлар етказиб беради

2023 йилда Буюк Британия Украинага юз минглаб артиллерия ўқ-дориларини топширади, деди бош вазир Риши Сунак Ригада Бирлашган экспедиция кучларида иштирок этувчи давлатлар йиғилишидан олдин.

Фото: Getty Images

Британия Россия агрессиясидан ҳимоя қилиш учун Украинага яна юз минглаб артиллерия ўқ-дориларини етказиб беради. Бош вазир Риши Сунак 19 декабрь, душанба куни Ригада бўлиб ўтадиган Бирлашган экспедиция кучларининг (Joint Expeditionary Force, JEF) йиғилишида 250 миллион фунт стерлинг (тахминан 287 миллион евро)лик янги ҳарбий ёрдам лойиҳасини тақдим этади.

Келгуси чорак миллиард фунтлик шартнома «Украинага 2023 йилгача зарурий артиллерия ўқ-дориларини етказиб беришни таъминлайди», дейилади Британия бош вазирининг Даунинг-стритдаги қароргоҳида.

Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Буюк Британия 100 мингдан ортиқ ўқ-дорилар ва бошқа ҳарбий техника, жумладан, бир нечта ракета тизимлари ва 125 та зенит қурилмаларини етказиб берди, дейилади ҳисоботда.

Латвия пойтахтида Сунак JEF'ни шакллантиришда иштирок этувчи давлатлар - Дания, Исландия, Латвия, Литва, Нидерландия, Норвегия, Финландия, Швеция ва Эстония раҳбарлари билан учрашиб, Украинадаги урушни муҳокама қилади. Сунакнинг сўзларига кўра, «Бирлашган экспедиция кучларининг ушбу саммити бизнинг яқин дўстлигимиз ва Украинани сўнмас қўллаб-қувватлашимизни таъкидлайди».

2014 йилда Лондон ташаббуси билан ташкил этилган кўпмиллатли экспедиция кучлари БМТнинг тинчликпарварлик миссиялари таркибида, гуманитар ҳаракатларда, шунингдек, Қрим аннексия қилинганидан кейин потенциал рақибларни, шу жумладан, Россияни тўхтатиб туриш учун ишлатилиши кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид