Спорт | 14:42 / 19.12.2022
44813
14 дақиқада ўқилади

Месси номидаги чемпионат. Тарихдаги энг яхши финалнинг асосий воқеалари 

Лео бу ғалабага лойиқ эди.

Фото: Getty Images

ЖЧ-2022. Финал. 18 декабр
Аргентина – Франция 3:3. Пеналтилар серияси: 4:2

Голлар: 1:0 – 23, пеналти Месси, 2:0 – 36 Ди Мария, 2:1 – 80, пеналти Мбаппе, 2:2 – 81 Мбаппе, 3:2 – 108 Месси, 3:3 – 118, пеналти Мбаппе.
Аргентина – Мартинес, Молина (Монтиел, 90), Отаменди, Ромеро, Таляфико (Дибала, 120), Де Паул (Паредес, 102), Мак Аллистер (Песселя, 116), Фернандес, Ди Мария (Акуня, 64), Месси, Алварес (Мартинес, 103).
Франция – Льорис, Кунде (Дисаси, 120), Варан (Конате, 113), Упамекано, Эрнандес (Камавинга, 71), Рабио (Фофана, 96), Тчуамени, Жиру (Тюрам, 41), Гризманн (Коман, 71), Дембеле (Коло-Муани, 41), Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Фернандес (45), Рабио (55), Тюрам (87), Жиру (90), Акуня (90), Паредес (114), Монтиел (116).

Учинчи юлдуз

Аргентина ва Франция бу финалга қадар икки бор чемпионлик титулини қўлга киритган.

Аргентиналиклар 1978 ва 1986 йилларда олтин медалларга эга чиқишган. Мамлакатга иккинчи юлдузни Мексикадаги жаҳон чемпионатида жамоани ўз ортидан эргаштирган ва яримфиналда Англия дарвозасига футбол тарихидаги энг машҳур голларни — можароли «Худонинг қўли» билан урилган гол ва майдон марказидан юриш қилиб келиб урилган «Аср голи»ни урган Диего Марадона олиб келганди. 1990 йилда Марадона яна жамоани финалга олиб чиққан, аммо Италиядаги чемпионатда Германияга мағлуб бўлинганди.

Французлар 1998 ва 2018 йилларда олтин медалларни қўлга киритишган. Мамлакатга бу икки юлдуз олиб келинишида ҳам Дидье Дешам иштирок этган. Биринчи ҳолатда уйда ўтказилган мундиалда жамоа сардори сифатида, иккинчисида — Россия мезбонлигидаги чемпионатда кучлилиги жиҳатидан 1998 йилдагидан кам бўлмаган жамоа бош мураббийи сифатида.

Қатар-2022 турнирига қадар аргентиналиклар уч бор финалларда мағлуб бўлиб, кумуш билан кифояланишга мажбур бўлишган, французлар — фақат бир марта. Аввалги мағлубиятли финаллар икки жамоа учун ҳам кучли зарба бўлганди: 2006 йилда Жаҳон кубоги учун ўйинда Зидан майдондан четлатилган ва футболчилик фаолиятини якунлаган, 2014 йилда — Месси фаолиятидаги энг қайғули дақиқаларда кубокка қарай олмай ўтганди.

Месси ва рекордлар

Бу чемпионат Мессининг орзуси эди. Аргентина термаси сардорининг Жаҳон кубоги учун юриши анчадан бери драматик сюжетлардан бирига айланганди. 2021 йил ёзида Лео барча хафагарчиликлар ортидан узоқ кутилган Америка Кубогини қўлга киритди - бу унинг терма жамоа сафидаги илк соврини бўлди, шундан бошлаб у яна терма жамоада ўйнаш завқини ҳис қила бошлади, 2022 йилги Қатар қишидаги асосий интрига — унинг бош турнирдаги ғалабаси масаласига айланди.

Месси жаҳон чемпионати рекордларини такрорлади ва қайтадан ёзди, бу тарихдаги ва айнан жамоаси учун энг юқори ютуқлар. У ўзи учун бешинчи мундиалда ўйинлар, голлар ва самарали ҳаракатлар сони бўйича Марадонадан ўзиб кетди. Лео илк бор ЖЧ плей-оффларида гол урди ва ҳар бир босқичда гол урган илк футболчига айланди. Ҳал қилувчи ўйинда эса Маттеуснинг абадий қоладигандек кўринган рекордини ҳам янгилади — ЖЧдаги ўйинлар сонини 26 тага етказди.

Месси ва пеналти

Бу финал кўплаб афишаларга эга эди: Мессининг орзуси, Месси Мбаппега қарши, ва яна Лионел Скалони Дешамга қарши. Жамоаларнинг ўйин режасини амалга ошириш бўйича мураббийларнинг қарама-қаршилиги ҳам катта аҳамиятга эга бўлди.

Аргентина ўйин бошидан ташаббусни қўлга олди ва биринчи бўлим ўрталарида пенальтидан ҳисобни очди. Ди Мария жарима майдонига ёриб кирди, Дембеле ҳимояда ишлашига тўғри келиб, аввал рақибнинг оёғига тепди, кейин қўл билан белдан туртди. Полшалик ҳакам Марчиняк ҳақли равишда пенальти белгилади. Месси Льорисни доғда қолдирди ва ЖЧ-2022 тўпурарлари пойгасида Мбаппени ортда қолдира бошлади (5 тага қарши 6 гол).

Ди Мария ва топ-ҳужум

Аргентина ўз ўйинини кўрсатишда давом этди ва иккинчи голли ҳужумни ҳам уюштирди. Тўп эгаллаб олингач, Скалони жамоаси ўз жарима майдони атрофидан тезкор ва самарали ҳужум уюштирди. Уни Молина ва Макаллистер ривожлантирди. Месси Алваресга нозик узатма амалга оширди, Хулиан Макаллистерни олдинга чиқарди, у чап қанотда очилган Ди Мариянинг йўлига тўпни ташлаб берди.

Ди Мария ва Месси — 2022 йилги таркибда Аргентина учун кумуш билан якунланган 2014 йилги жаҳон чемпионатидаги таркибдан қолган икки футболчи. Анхел Бразилиядаги турнир финалини чоракфиналда Белгия билан ўйиндаги жароҳат туфайли ўтказиб юборганди, энди эса 34 ёшли футболчи гуруҳ ўйинларида дам олиб, ҳал қилувчи ўйинларга тикланди ва финалда пеналти ишлади ҳамда ўзи ҳам гол урди.

Ди Мария — бу жамоанинг Месси ёнида турган кўплаб қаҳрамонларидан бири. «Леонинг тансоқчиси» Де Паул ва агрессив дарвозабон Эмилиано Мартинес, ёш ва умидли Фернандес ҳамда Алварес, ўртамиёна «Брайтон» вакили Макалистер ва бошқа кўплар қатори.

Мбаппе ва 97 сония ичидаги дубл

Франция узоқ вақтгача Месси ва унинг ҳеч нарсадан тап тортмас жамоасига қарши ҳеч нарса қила олмади, аммо ўйин охирида бурилиш ясади ва ўйинга қайтди. Дешам танаффусга қадар икки футболчи алмаштирганди — французларнинг энг фойдали тўпурари Жиру ва шу куни ўйини умуман чиқмаган Дембеле майдондан олиниб, кичик Тюрам ва Коло Муани туширилди. Иккинчи бўлимда эса жамоанинг асосий мотори Гризманн ва Эрнандес жойларини Коман ва Камавингага бўшатиб беришди.

Мбаппе тўғри вақтда соядан чиқди ва керакли вақтда ташаббусни ўз қўлига олди. Аввалига форвард Отамендининг Коло Муанига қарши фоли учун белгиланган пеналтини аниқ ижро этди (бу вазият биринчи бўлимда шу жарима майдонида рўй берган эпизодни деярли такрорлади). Бир ярим дақиқа ўтмасдан Килиан Тюрам билан девор услубида ўйнаб, тезкор қарши ҳужумни гол билан якунлади - бу ҳужумни майдон маркази яқинида Месси билан курашда тўпни олиб қўйган Коман бошлаб берганди. «ПСЖ»нинг француз ҳужумчиси ЖЧ тўпурарлари пойгасида яна аргентиналиклар сардоридан ўзиб кетди (6 тага қарши 7 гол).

Байрам қилишга тайёрланиб турган Аргентинани қайғу қамраб олди. «Лусайл» стадиони ложасида хурсандчилик қилаётган Макрон кўз ўнгида Франция қувноқ ўйин кўрсата бошлади ва мухлисларга ақл бовар қилмас финални тақдим этди.

Овертайм, Месси ва Мбаппе

Аргентина ва Франция ўйиндан кейин яна ярим соат давомида такрорланмас оқшомни давом эттирди. Месси асосий вақтга қўшимча дақиқалар сўнггида кучли зарбаси билан масалага нуқта қўйиши мумкин эди — Льорис тўсин остига кириб кетаётган тўпга қўл узатишга улгурди. Томонлар навбатма-навбат кескин ҳужумлар уюштиришди, футболчилар тинмай олдинга боришди, Лео эса ҳимояда ҳам ўзини кўрсатишига тўғри келди.

Иккинчи экстра-таймда аргентиналиклар навбатдаги хавфли ҳужумни уюштиришди, Лаутаро Мартинес Месси билан икки бор «ўйиндан ташқари» ҳолатдан қутулиб қолишди, Мартинеснинг зарбасини Льорис тўсди, қайтган тўпга Лионел зарба берди, бу тўп ҳам қайтарилди, аммо тўп чизиқдан ўтганидан кейин қайтиб чиқди.

Лекин французлар яна қутулиб қолишди — Мбаппенинг зарбасидан кейин тўп Монтиэлнинг қўлига тегди ва яна пеналти белгиланди. Килиан яна Эмилиано Мартинесни доғда қолдириб, ҳет-трикни расмийлаштирди (Леонинг 7 голига қарши 8 гол).

Ва бу ҳали ҳаммаси эмасди. Қўшимча бўлимларга қўшиб берилган дақиқалар охирида Мартинес Коло Муани билан яккама-якка вазиятда суперсэйв ижро этди, финал пеналтилар сериясига олиб ўтилди.

Пеналтилар серияси

Мбаппе ва Месси серияни ўз голлари билан бошлаб беришди. Мартинес Команнинг зарбасини тўсди, Тшуамени эса дарвозабон босими остида тўпни хато тепди. Серияни Монтиэл аниқ зарба билан якунлаб берди. Футболчиларнинг бир қисми жойидан жила олмаган Месси ёнида қолди.

Кейин майдонда аргентиналиклар байрамни бошлашди, футболчиларнинг яқинлари майдонга тушиб келишди. Месси кубокни ўзига топширилишидан олдин ўпиб қўйди, кейин эса жамоага олиб келди.

Мбаппе эса кейинги чемпионатни кутади.

Аргентина биринчи турда сенсацион равишда Саудия Арабистонига мағлуб бўлганидан кейин плей-оффда Нидерландия билан суперматч ўтказиб, Францияга қарши суперфиналда олтин медалларга эга чиқди. Месси ўз жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди. Бу шунчаки космос.

Мессининг чемпионати

1986 йилги жаҳон чемпионати деганда мухлислар кўз ўнгига Диего Марадона келгани каби, Қатардаги мундиал Месси сўзи билан синонимга айланиши керак. Скалони, Де Паул, Эми Мартинес ва Ди Мария эса бундай полотно муаллифи бўлган рассомнинг ёрдамчилари сифатида тарихда қолишади.

Фото: CLIVE BRUNSKILL/GETTY IMAGES

Месси бунинг учун бошқача бўлишига, ўзига Марадонанинг характерини ҳам қўшишига тўғри келди, бу турнирда у ўзига ўхшамади — футбол аҳли бунгача прессинг қилувчи, рақибларга ташланувчи, жарима майдони ичида ҳимояланувчи Мессини кўрмаганди.

Лионел Мессининг Жаҳон кубоги сари йўли — сайёра бўйлаб энг кассабоп бўладиган драма учун тайёр сценарийдир. Унинг сюжети мухлисни илк дақиқадан сўнггисига қадар ҳаяжонда ушлаб туради, бош қаҳрамонга бефарқ бўлганларни ҳам унга ҳамдард бўлишга мажбур қилади ва якунда йиғлатади.

Картинанинг аввалги саҳналари олиб бўлинганди. 18 ёшли Лео жаҳон чемпионатида дебют қилади, бир ҳафта ўтиб — ўз туғилган кунида — 1/8 финал босқичида турнирни тарк этади. 23 ёшида Диего Марадона билан оғир зарба қабул қилиб олади, Аргентина ЖЧ-2010 плей-оффида Германияга 0:4 ҳисобида мағлуб бўлади.

27 ёшида финалда ютқазади.

Ўшанда, 2014 йилда у ғалабага бошқа бу қадар яқин келмайдигандек кўринганди. Аргентина ҳар турнирга кучли таркиб билан ташриф буюрар, фаворитлар шорт-листидан жой эгаллар, аммо муваффақиятсизликка учрарди. Ва ҳатто Месси ҳам буни тузата олмасди.

Унинг терма жамоадан ҳиссиётлар билан кетиши ва қайтиши — Лео «Альбиселесте»нинг муваффақиятсизликларини оғир қабул қилганидан даракдир. Шу даражадаки, 35 ёшида у жамоа учун ўйин услубини ва ўзини тутишини ўзгартирди — ва миллий жамоадаги 16 йиллик фаолиятидаги энг яхши футболини намойиш этди.

Қатарда Месси кийим алмаштириш хонасида барчасини ўз назоратига олди ва уятчан даҳодан ортга қайтишдан ва қора ишларни бажаришдан уялмайдиган, рақиб захира ўриндиғидагиларни провокация қилиб, флеш-интервью вақтида рақиб футболчисини нарироқ ҳайдайдиган бешафқат йўлбошчига айланди.

Тўртта финалда муваффақиятсизликка учраган Лео шундай характери билан амалдаги чемпионларга қарши жанг қилиш учун майдонга тушди — у шу куни ҳаёт-мамот ўйинини ўтказиб, кубокни боши узра кўтариши ёки тарихга омадсиз қирол сифатида кириши керак эди.

Орзуга етиш учун у жаҳон чемпионати финалида икки бор пеналтини шу қадар совуққонлик билан ижро этди, шошилмай тўпга яқинлашди, зарбадан олдин танаффус қилди, дарвозабонни йиқитиб, тўпни бурчакка думалатди. Шу орзуга етиш учун 36 ёшида ҳимояга ёрдамга келди, тўп учун курашди, ҳужумларни бошқарди, пеналтилар сериясига куч ва эмоцияларни етказа олди.

Фото: SHAUN BOTTERILL/GETTY IMAGES

Бутун фаолияти мобайнида Лео жаҳон рекордларини янгилади, шахсий совринларнинг ноёб коллекциясини йиғди ва кўпчиликни ҳайратга солганча фантастик даражада барқарор футбол намойиш этди: унинг ҳаракатлари реалликда рўй бераётгани ёки компьютер ўйинида эканини фарқлаб бўлмасди. Аммо у барибир Марадонадан ортда эди — Диегонинг ЖЧ-1986 турниридаги асосий ютуғи туфайли. Бу соврин Аргентинаники — аммо унга Марадона туфайли эришилган.

Энди эса Месси еттита «Олтин тўп», ўнлаб индивидуал совринлари ва клублари билан қўлга киритган 42 та жамоавий соврин қаторига энг орзиқиб кутилган совринни — жаҳон Кубогини ҳам қўшиб қўйди. 

Месси ва Роналду эрасида энди бахтли якун бўлди дейиш мумкин — аргентиналик даҳо португал қадрдони учун ҳам ўз замонаси чемпионлигига эришди.

Мавзуга оид