19:38 / 19.12.2022
15201

Метро бекатларини номлаш бўйича 2 мингга яқин таклиф келиб тушди

Geonom.tashkent.uz сайти орқали Тошкент метросининг янги қурилган 19 та бекатига ном танлаш бўйича аҳоли таклифлари олинди. Ишчи гуруҳ ҳар битта бекат учун учтадан номзодни саралаб олгач, улар овозга қўйилади. Бир гуруҳ олимлар бекатлардан бирини Тошкент метросининг “отаси” – академик Турсунбой Рашидов номи билан аташни таклиф қилмоқда.

5 декабрдан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти пойтахтдаги кўчалар, майдонлар, метро бекатлари ва бошқа шу каби объектларни номлаш бўйича таклифларни йиғиш учун geonom.tashkent.uz сайтини ишга туширди.

Сайтда 18 ёшга тўлган ва Тошкентда доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган фуқаролар янги географик объектларни номлаш ва мавжудларини қайта аташ жараёнида иштирок этиши мумкин.

Бекат учун қандай номлар таклиф қилинди?

5 декабрдан 11 декабргача сайтда Тошкент ерусти метросининг Дўстлик–Қўйлиқ ва Олмазор–Сергели йўналишларида янги қурилган 19 та ерусти бекатига ном бериш бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. Жараёнда жами 458 нафар фуқаро қатнашиб, 1 900дан ортиқ таклифлар йиғилди.

Келиб тушган таклифларни кўриб чиқсак, масалан, Сергели линиясидаги 1-бекатни номлаш учун 101 та таклиф берилган, шулар орасида энг кўпи (59 та) “Чоштепа” номи учун юборилган. Қолаверса, вариантлар орасида “Янги Чоштепа”, “Чаштепа”, “Чочтепа”, “Шаштепа”лари ҳам бор.

Линиянинг 2-бекати учун эса энг кўп “Тошкент ҳалқа йўли” номи (107 та таклифдан 20 таси), 3-бекат учун “Сергели-7” (101 та таклифдан 18 таси), 4-бекат учун “Ўзгариш” (82 та таклифдан 22 таси), 5-бекат учун эса “Қипчоқ” (90 та таклифдан 26 таси) номлари юборилган.

Қўйлиқ йўналишидаги 1-бекат учун жами 189 та таклиф берилган, шундан 30 таси “Чкалов”, 29 таси “Авиасозлар” ҳамда 16 таси “Дўстлик-2” номлари учун берилган.

Берилган таклифларнинг деярли ҳаммасида академик Турсунбой Рашидов номини ҳам учратиш мумкин. Бир гуруҳ олимлар метро бекатларидан бирини Тошкент метрополитени асосчиларидан бирининг номи билан аташни таклиф қилмоқда.

Турсунбой Рашидов ҳақида

Турсунбой Рашидов / Фото: Uznews.uz

Турсунбой Рашидов – Механика ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги соҳасидаги атоқли олим, Фанлар академияси академиги. Тошкент метрополитенининг сейсмик мустаҳкам, зилзилабардош бўлиб қурилишида айнан шу олимнинг ҳиссаси катта.

Гап шундаки, 1966 йил 26 апрелдаги Тошкентда содир бўлган ҳалокатли зилзиладан кейин, Москва илмий тадқиқот институтлари бир овоздан шаҳарни қайта қуриш дастурига метро қуришни киритиш имконсиз деган.

“Тошкент тез-тез кучли зилзилалар содир бўладиган фаол сейсмик зонада жойлашган, дунё тарихида бундай жойларда метро, ерости темирйўллари қурилмаган ва қурилмаяпти”, – дея таъкидлашган институт вакиллари.

Сўнг, Шароф Рашидов бошчилигидаги Ўзбекистон раҳбариятининг Тошкент метросини қуриш таклифи рад этилади. Шунда Шароф Рашидов кўпчиликнинг бу борадаги фикрини ўзгартириш учун ўзбекларнинг энг кучли олимларига мурожаат қилади ва улар билан биргаликда ишчи гуруҳ шакллантирилади. Фанлар академияси Сейсмология институти директори Турсунбой Рашидов республиканинг етакчи олим ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи координатори этиб тайинланади.

Академик Рашидов сейсмодинамика ва сейсмология соҳасида жаҳонга машҳур етук олим бўлиб, у назарий ва амалий математика, тўлқин механикасининг илмий усулларига таянган ҳолда Тошкентнинг алоҳида мустаҳкам иншоотини қуриш модели концепциясини, 9 баллгача бўлган зилзилага бардош берадиган метро лойиҳасини яратади.

Унинг бошчилигидаги гуруҳ уч йил давомида Тошкент метрополитенининг пухта илмий-техник лойиҳаси асосида Москва шаҳрида жойлашган илмий-тадқиқот институтлари, турли вазирлик, идора ва давлат қўмиталари вакилларининг ишончини қозонади. Яхшигина баҳс-мунозаралардан сўнг, ишчи гуруҳ томонидан масала ижобий ҳал этилишига эришилади. Академик Рашидов томонидан ишлаб чиқилган зилзилага чидамли метро модели лойиҳаси сабаб ҳозиргача йўловчиларга хизмат қилиб келаётган Тошкент метрополитени барпо этилади.

“Тошкент метрополитени бекатларидан бирига сейсмодинамика ва сейсмология соҳасидаги атоқли олим Турсунбой Рашидов номини бериш адолатдан бўларди”, – дейди Халқаро экология, инсон ва табиат хавфсизлиги фанлари академиясининг аъзоси Анвармизо Ҳусайинов.

Шунингдек, яна бир қанча олимлар: техника фанлари доктори, Тошкент давлат транспорт университети профессори Абдураҳмон Эшонхўжаев, физика-математика фанлари доктори, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти профессори Ботир Мардонов ҳамда техника фанлари доктори, профессор, Механика ва иншоотларнинг сейсмик чидамлилиги институти бош илмий ходими Ғоибназар Хўжаметовлар ҳам метро бекатларидан бирини Турсунбой Рашидов номи билан аташ тарафдори.

Сайтдан таклифлар йиғиб олинди, энди нима бўлади?

Ҳозирда бу таклифлар умумлаштирилиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги махсус ишчи гуруҳга тақдим қилинган. Ишчи гуруҳ улардан ҳар бир бекат учун 3 тадан ном танлаб олиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, қонунчилик талабларига мувофиқ деб топилган номлар тез кунларда маҳаллий аҳолининг фикрини инобатга олиш мақсадида geonom.tashkent.uz сайтида онлайн-сўровга қўйилади. Сўровда энг кўп овоз олган ном метро бекатига қўйилади.

Қайд этилишича, ишчи гуруҳ давлат бошқаруви ва ҳокимлик органлари, тарихчилар, филологлар, ўлкашунос, топонимист, блогерлар ҳамда тегишли фаолият соҳаларида махсус билимларга эга мутахассислардан иборат.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Top