Ўзбекистон | 19:03 / 19.12.2022
12652
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2023 йилда 4,5 млрд доллар ташқи қарз олишни режалаштирмоқда

Бу – 2022 йилда кўзда тутилган, лекин амалга ошмаган мақсадли кўрсаткич билан тенг. Умумий давлат қарзи миқдори 2022 йил охирида 29,2 млрд доллар, 2023 йил охирида эса 32,6 млрд доллар бўлиши прогноз қилинмоқда.

Фото: Valentyn Ogirenko / Reuters

Молия вазири Тимур Ишметов Қонунчилик палатасида 2023 йилги давлат бюджети лойиҳаси ҳақида ахборот берди. У ўз нутқида давлат қарзи бўйича режаларга ҳам тўхталди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“2022 йил якунлари бўйича давлат қарзи 29 млрд 215 млн долларни ташкил этиши кутилаётган бўлса, кейинги йил (2023 йил) 32 млрд 62 млн долларни ташкил этиши кутилмоқда. Бунда ташқи қарзнинг ЯИМда улуши келгуси йилда ҳам жорий йилдаги каби 36 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда”, – деди Ишметов.

Депутат Ботир Мардаев 2023 йил Ўзбекистон Республикаси номидан ва кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган битимлар борасида савол берди.

“Битимларнинг умумий қиймати 4,5 млрд долларни ташкил қилиши, шундан давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, бюджет тақчиллиги учун 2 млрд (бу ўтган йилга нисбатан 500 млрд долларга кам), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун эса 2,5 млрд доллар (бу ўтган йилга нисбатан 500 млн доллар кўп) белгиланяпти. Бу ўзгариш давлатнинг ташқи қарз соҳасидаги стратегиясига қанчалик мос келади?” – сўради депутат.

Тимур Ишметов “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунда давлат ташқи қарзининг энг юқори лимити ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги, 50 фоизга етганда ҳукумат томонидан бюджет харажатларини мақбуллаштириш борасида чораларни кўриш, қарз инфраструктура ва ижтимоий соҳаларга йўналтириш белгиланганини эслатди.

“Сиз айтган 2 млрд ва 2,5 млрд доллар... асли бошида йиллик қарз лимитини 4 млрд қиламиз деб режа қилгандик. 2020 йилда пандемия бошланди ва харажатларни оширишга мажбур бўлдик. Шу жумладан, дефицитни ва уни молиялаштириш учун ҳам қарз маблағларини 5 млрдга оширишга мажбур бўлдик. Кейинги йилдан (2023 йил) бошлаб жами қарзни 4,5 млрдга туширишни режа қилганмиз.

Умумий харажат таркибида қанча қисми бюджетга, қанчаси лойиҳаларга, умуман ташқи қарз умумий миқдорининг аҳамияти йўқ. Хоҳлардикки, бюджет тақчиллиги 3 фоиз бўлсин, бу биз учун ўрта муддатда энг юқори кўрсаткич бўлиши керак. Бундан кейин дефицитни камайтириш учун ташқи қарзни ҳам камайтириш устида ишлаяпмиз. 2–2,5 млрд бюджет дефицити ёки лойиҳаларни молиялаштиришга ташқи қарз жалб қилиш керак, шунинг учун 2–2,5 млрд лимит белгиланган”, – деди вазир.

Депутатлар 2023 йилги давлат бюджети ҳақидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. 112 депутат лойиҳани ёқлади, биттаси қарши чиқди, учтаси бетараф қолди, 9 киши овоз бермади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Молия вазирлиги 2022 йилнинг I ярим йиллиги учун ташқи қарз ҳолати ва динамикаси ҳақида ҳисобот берган эди. 1 июл ҳолатига, давлат қарзи 26 млрд долларни (шундан давлат ташқи қарзи – 23,26 млрд доллар, давлат ички қарзи – 2,77 млрд доллар) ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 35,1 фоизни ташкил этган.

Мавзуга оид