Жаҳон | 14:08 / 19.12.2022
3660
3 дақиқада ўқилади

Венада Россия фойдасига жосуслик қилган Греция фуқароси ушланди

Фото: Reuters

Австрия ОАВ ёзишича, Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси собиқ ходимининг 39 ёшли ўғли кўп йиллардан бери Россияга Австриянинг ташқи сиёсати ва хавфсизлиги ҳақида маълумот бериб келган.

Австрия ОАВнинг 19 декабрь, душанба куни хабар беришича, Венада Россия ҳарбий разведкаси учун узоқ йиллар жосуслик қилганликда гумонланаётган асли россиялик Греция фуқароси қўлга олинди. 39 ёшли гумонланувчи Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси собиқ зобитининг (собиқ “ГРУ”) ўғли бўлиб, у хизмат даврида Германия ва Австрияда дипломат бўлиб ишлаган, деб ёзади Kronen Zeitung.

Газетага кўра, бу шахс турли мамлакатлар дипломатлари ва разведка ходимлари билан алоқада бўлган ҳамда Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан бироз олдин ва кейин Москвада бўлган. У давлат сирларини ошкор қилишда айбланмоқда, дея таъкидлайди нашр. 

Гумонланувчининг Вена шаҳри Донауштадт туманидаги хонадонида тинтув ўтказилган, бу шахснинг ўта хавфлилиги сабабли, амалиёт март ойида Cobra нуфузли махсус кучларининг икки бўлинмаси зобитлари томонидан ўтказилган, деб ёзади Kurier газетаси. Операция давомида тинглаш мосламалари, сигнал детектори, ҳимоя кийимлари, мобил телефонлар, ноутбуклар ва планшетлар олиб қўйилиб, улардан жами 10 миллионга яқин турли файл топилди ва ўрганилди. 

Kurier’нинг тергов маълумотларига таяниб таъкидлашича, 2018 йилдан 2022 йил бошигача гумонланаётган россиялик агент Россия, Беларус, Туркия, Грузия ва бошқа мамлакатларга жами 65 марта саёҳат қилган. У Австрияда кичик ижтимоий имтиёзларга эга бўлиб, Венада, шунингдек, Россия ва Грецияда бир нечта кўчмас мулк сотиб олган, деб ёзади газета. 

Айғоқчи деб тахмин қилинган шахс Россияга Австриядаги кайфият, шунингдек, ташқи сиёсат, жамиятдаги вазият ва ушбу мамлакат хавфсизлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этган. «Шу тариқа, уруш бошланишидан бироз олдин Москвага саёҳат, эҳтимол, тасодиф эмас, балки Австрияда олинган маълумотлар ҳақида онгли равишда маълумот алмашиш бўлган», деб ёзади Kurier. Бундан ташқари, Вена шаҳрида махфий жойлар орқали хабар алмашиш тизими ишлаб чиқилган, уларни жўнатиш жойлари кўзга кўринмас белгилар билан белгиланган ва узатиш пайтида россиялик дипломатлар доимо ўша ерда бўлишган, дейилади маълумотда. 

Ҳозирда гумонланувчи озодликда. Агар айби исботланса, у 6 ойдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Австрия терговини Вена прокуратураси номидан Давлат хавфсизлик ва разведка бошқармаси (DSN) олиб боряпти. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид