Жаҳон | 13:41 / 20.12.2022
8947
3 дақиқада ўқилади

АҚШ БМТ бош котибини Россия таҳдидларига ён берганликда айблади

Гутерриш «Россия таҳдидларига ён берди» ва Эрон дронларини Россияга етказиб бериш масаласини текшириш учун Киевга махсус гуруҳ юбормаяпти, деган фикрда АҚШ.

Фото: Anadolu agency

АҚШ БМТ бош котиби Антониу Гутерришни Украинага Россия ҳақиқатан ҳам ҳужумлар учун Эрон дронларидан фойдаланаётганини текшириш учун расмий шахсларни жўнатмаганликда ҳамда «Россия таҳдидларига ён берганликда» айблади. Бу ҳақда 20 декабрь, сешанба куни Reuters агентлиги хабар қиляпти.

«Биз БМТнинг ушбу қоидабузарлик ҳақидаги даъво бўйича нормал текширув ўтказиш учун ҳеч қандай чоралар кўрмаганидан афсусдамиз. Котибият Россия таҳдидларига аниқ ён бериб, ушбу кенгаш билан берилган тергов топшириғини бажармаганидан ғазабдамиз», деди АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Роберт Вуд БМТ Хавфсизлик кенгашининг 19 декабрдаги йиғилишида. 

Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ ва Украина Эронда ишлаб чиқарилган учувчисиз учоқларнинг Россияга етказиб берилиши БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2015 йилда қабул қилинган Эрон билан ядровий келишувни таъминлашга қаратилган резолюциясини бузишини даъво қилмоқда. Улар Гутерришдан Киевга текширув ўтказиш учун расмийларни юборишини исташмоқда.

БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари Ди Карло БМТ котибиятига ушбу мамлакатлардан ёзма сўровлар келиб тушганини тасдиқлаб, маълумотларни ўрганиш ва хулосаларни Хавфсизлик кенгашига етказишга ваъда берди. Гутерришнинг таъкидлашича, учувчисиз учоқлар масаласи «уруш масаласи бўйича қилаётган барча ишларнинг кенгроқ контекстида кўриб чиқилмоқда, яъни расмийларни Киевга қачон юбориш кераклигини аниқлаш учун».

Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Иравоний Эрон Хавфсизлик кенгаши томонидан тақиқланган бирор нарсани Россияга ўтказмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, февраль ойигача Россияга етказилган Эрон дронлари кенгаш томонидан тақиқланмаган ва «Украинада давом этаётган можарода фойдаланиш учун ўтказилмаган».

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Эроннинг учувчисиз учоқларини етказиб бериш ва ундан фойдаланиш ҳақидаги айбловларни «ўйлаб топилган» деб атади. «Биз биламизки, Киев вакиллари ҳанузгача Теҳронга икки томонлама каналлар орқали россиялик ҳарбийлар томонидан келиб чиқиши Эронга мансуб учувчисиз учоқлардан фойдаланилганига оид ҳужжатли далилларни тақдим эта олмаяпти», — деди у.

Украина ва бошқа бир қатор давлатлар Эронни Россияга «Шоҳид-136» зарба берувчи камикадзе дронларини етказиб беришда айбламоқда, Россия уларни гўёки ўзининг «Герань-2» дронлари сифатида яширмоқда. Бундай юклар Эрон ва олти воситачи: Британия, Хитой, Франция, Германия, Россия ва АҚШ ўртасида 2015 йилда имзоланган БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2231-резолюциясини бузади.

Москва бу айбловларни рад этиб, ўзи ишлаб чиқарган дронлардан фойдаланаётганини даъво қилмоқда. Ноябрь ойи бошида Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга учувчисиз учоқлар етказиб берилганини, бироқ бу «оз миқдорда» ва Россиянинг Украинага бостириб киришидан бир неча ой олдин амалга оширилганини тан олган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид