07:32 / 20.12.2022
12445

Путин ва Лукашенко ҳарбий ҳамкорлик тафсилотларини ошкор қилди

Беларус Россиянинг С-400 комплексларини жанговар навбатга қўйди, «Искандер»ни қабул қилди ва Россия билан янги машғулотларга тайёрланмоқда.

Фото: Global Look Press

Беларус Россия томонидан берилган С-400 узоқ масофали ҳаво мудофаа тизимини жанговар навбатга қўйди, шунингдек, ракеталари ядровий каллакни олиб юриши мумкин бўлган «Искандер» комплексини олди. Бу ҳақда Александр Лукашенко Россия президенти Владимир Путин билан 19 декабрь, душанба куни Минскда бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича маълум қилди. Февраль ойида у С-400 тизимлари Минск яқинида «Киевда, Варшавадан ташқарида ва ҳоказоларда нима бўлаётганини кўриш учун» жойлаштирилиши мумкинлигини айтган эди.

Бундан ташқари, Москва ва Минск мунтазам ҳарбий машғулотлар амалиётини давом эттиришга келишиб олдилар ва россиялик мутахассислар, хусусан, ядровий каллакларни ташиш учун қайта жиҳозланган Беларус самолётлари экипажларини тайёрлайди.

Россия президенти, шунингдек, «умумий ҳарбий доктринани изчил амалга ошириш доирасида» Россия-Беларус қўшинларининг минтақавий гуруҳи фаолият юритаётганини, Беларусда ягона ҳаво мудофаа тизими яратилганини, икки мамлакат ҳарбий қисмларини ҳарбий мувофиқлаштириш ишлари олиб борилаётганини эслатди. 

Лукашенко Россия билан ҳамкорликни изоҳлар экан, уларни Путин билан «ҳамкор тажовузкорлар» деб атади. «Биласизми, биз иккимиз биргаликда тажовузкормиз, бу сайёрадаги энг зарарли, заҳарли одамлармиз», деди у.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top