Жаҳон | 00:01 / 21.12.2022
11986
2 дақиқада ўқилади

Россия Беларусдаги ҳарбий техникаларини Украина чегарасига кўчирмоқда

Фото: Reuters

Россия Беларус полигонларидаги танклар, юк машиналар ва шахсий таркибини жанубга, Украина билан чегарага яқинроқ жойга кўчиришни бошлади.

«Белорусский Гаюн» хабарига кўра, 20 декабр куни давомида ҳарбий техникалар Беларус шимоли ва марказидаги полигонлардан жанубга кўчирилган.

Жумладан, эрталаб соат 5:00 атрофида «Обуз-Лесновский» полигонида (Брест вилояти, Барановичи тумани) жойлашган ҳарбий техникалар Полонка темирйўл станциясидан поезд орқали жўнатилган. Кун давомида поезд Брест вилоятидаги Лунинецга етиб борган. Ҳозир платформада 23 та Т-80 танки, 8 та бензин ташувчи машина, 9 та юк машинаси, 2 та йўловчи вагони ва 7 та юк вагони бор.

Шунингдек, 19 декабр куни «Лепелский» полигонидаги ҳарбий техникалар Витебск вилоятидаги Заслоново темирйўл станциясидан Слуцк шаҳрига, Украина чегараси яқинига жўнатилган. Платформада 20 дан ортиқ танк ва 16 та юк машинаси бор.

Бундан ташқари, 20 декабр куни эрталаб Россия Қуролли Кучларининг учинчи эшелони Гомел вилоятининг Калинковичи шаҳарчасига етиб борган. Колоннада 20 та БМП-2, 3 та бензин ташувчи машина, 7 та юк машинаси, 4 та йўловчи вагони ва юк вагонлари борлиги айтилмоқда.

13 декабр куни Беларусда президент Лукашенко топшириғига кўра, Қуролли Кучлар жанговар тайёргарлиги режадан ташқари кўрикдан ўтказилди.

Бундан олдин Украина армияси бирлашган кучлари қўмондони, генерал-лейтенант Сергей Наев Беларусда ҳарбий техникалар тўпланиб бораётганини, Украина бунга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган эди.

Россия босқини бошланганидан бери Беларус ва Украина бир-бирини мамлакат ҳудудига ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётганликда айблаб келмоқда. Ҳар иккала мамлакат бу айбловларни ўз разведкаси маълумотларига асослаяпти.

Мавзуга оид