Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Штайнмайер Жинпингдан урушни тугатиш учун Путинга таъсир ўтказишни сўради
Германия президенти телефон орқали мулоқотда Хитой раисини Россия президентига Украинадан қўшинларни олиб чиқишига таъсир ўтказишга чақирди.
Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Хитой раҳбари Си Жинпинг билан телефон суҳбатида Россиянинг Украинадаги агрессив урушини муҳокама қилди. Бу ҳақда 20 декабрь, сешанба куни Германия президенти девонида маълум қилинди. Унинг маълумотига кўра, суҳбат 60 дақиқа давом этган. Шунингдек, икки томонлама муносабатларга оид масалалар ва Хитойдаги ҳозирги вазиятга ҳам тўхталиб ўтилди.
Штайнмайер Германиянинг Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишдаги қатъийлигини яна бир бор тасдиқлади. Европа Россия таҳдидлари олдида ортга чекинмайди ва энергетика инқирозига қарши чоралар кўрди, деди Германия президенти. Унинг сўзларига кўра, Россия тажовузкорлиги Украина мудофаасини кучайтиришга олиб келди ва Европанинг ҳамжиҳатлигини кучайтирди, Россия президенти Владимир Путин эса хато қилгани аён бўлиб қолди.
Бундан ташқари, Франк-Валтер Штайнмайер Си Жинпинга Россиянинг ядровий таҳдидларини аниқ рад этгани учун миннатдорчилик билдирди. У G20 давлатларининг Балидаги қўшма баёнотини олқишлаб, улар халқаро ҳуқуққа содиқлиги ҳамда урушнинг гуманитар ва иқтисодий оқибатлари ҳақида огоҳлантиришни таъкидлади. Штайнмайер Хитой ва Европанинг ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишдан биргаликда манфаатдор эканлигига, шунингдек, Украина суверенитетини ҳурмат қилишига ва Россия қўшинларини ушбу мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиш зарурлигига эътибор қаратди. Немис сиёсатчиси Си Жинпингдан Путинга таъсир ўтказишни сўради, деб хабар берди Штайнмайернинг идораси.
Телефон суҳбатига Германия ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг эллик йиллиги сабаб бўлди. Октябрь ойида сиёсатчилар бу борада телеграммалар алмашган.
Reuters хабарига кўра, Хитой раиси, ўз навбатида, Берлин Германиядаги Хитой компаниялари учун адолатли, шаффоф ва камситилмаслик шарт-шароитларини таъминлашига умид билдирди. Си, шунингдек, Хитой ва Европа Иттифоқи муносабатлари учинчи давлатларга боғлиқ бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.
Ноябрь ойида Россиянинг Украинага қарши уруши фонида Хитой раҳбари ядро қуролидан фойдаланишдан, шунингдек, уларни қўллаш таҳдидидан огоҳлантирган эди. «Жаҳон ҳамжамияти Евросиёда ядро қуролидан фойдаланиш ва ядровий урушлар олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақида чоралар кўриши керак», деди Си Жинпинг Пекинда Германия канцлери Олаф Шольц билан музокаралар чоғида.
ХХР раҳбари Хитой Германия ва Европанинг тинчлик музокараларини ўтказиш ва Европада барқарор хавфсизлик архитектурасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашига ишонтирди. Шу билан бирга, Си Жинпинг Хитойнинг стратегик ҳамкори - Россияни бевосита танқид қилишдан тийилди.
Мавзуга оид
14:15 / 21.05.2026
Путин ва Си Жинпинг учрашуви. Асосий тафсилотлар
12:19 / 20.05.2026
«Бир-биримизга ёрдам беришимиз керак» – Пекинда Путин ва Си музокаралари бошланди
12:48 / 19.05.2026
“Яхши фойда бўлмаса, ташлаб кетадиганлардан эмасмиз” – Германия элчиси
19:00 / 17.05.2026