Жаҳон | 18:12 / 21.12.2022
4036
2 дақиқада ўқилади

«Толибон» аёлларнинг афғон университетларида ўқишини тақиқлади

Афғонистондаги аёллар таълим олиш имкониятидан босқичма-босқич маҳрум қилинмоқда.

Фото: Reuters

Афғонистондаги ҳукмрон «Толибон» ҳаракати афғон аёлларига университетларда ўқиш тақиқланганини маълум қилди. Таълим вазирлиги баёнотига кўра, аёлларнинг университетларга киришига чеклов зудлик билан ва муддатсиз кучга киради.

Афғонистондаги аёллар босқичма-босқич таълим олиш имкониятидан маҳрум қилинмоқда. Ўтган йили «Толибон» қизларнинг ўрта мактабларда ўқишини тақиқлаган эди.

Афғонистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари уч ой олдин бўлиб ўтди, ўқишга кирганлар орасида минглаб ёш аёллар ҳам бор эди. Бироқ улар ўрганиши мумкин бўлган фанлар ва касбларга қаттиқ чекловлар қўйилди: ветеринария, муҳандислик, иқтисод ва қишлоқ хўжалиги аёллар учун тақиқланди, журналистикага эса қаттиқ чекловлар қўйилди.

Ўтган йили «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг университетларда эркаклар ва аёллар алоҳида ўқитила бошланди. Шу билан бирга, аёлларни фақат бошқа аёллар ёки кекса ёшдаги эркаклар ўқитиши мумкин эди.

Ноябр ойида Кобулдаги аёлларга шаҳар паркларига, бассейн ва спорт залларига кириш тақиқлаб қўйилди. Ушбу қоидалар бутун мамлакатга татбиқ этилиши кутилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид