Ўзбекистон | 18:05 / 23.12.2022
26349
4 дақиқада ўқилади

7 нафар судяга жиноят иши қўзғатилди

Иқтисодий судларнинг ерга эгалик ҳуқуқини белгилаш билан боғлиқ ишларда қабул қилган 109 та ноқонуний қарорлари натижасида давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган. Бош прокуратуранинг бу ҳақидаги расмий баёноти кўп ўтмай ўчириб юборилди.

Фото: Владислав Лоншаков

Ўзбекистон Бош прокуратураси иқтисодий судларда мулк ҳуқуқини белгилаш билан боғлиқ ишлар кўрилиши амалиётини ўрганиб, тегишли ҳисобот эълон қилди.

Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, судлар бу турдаги низоларни ҳал этишда айрим хато-камчиликларга йўл қўйган, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари талабларига тўлиқ риоя этмаган.

Хусусан, судлар томонидан ноқонуний қурилмаларга нисбатан ҳам мулк ҳуқуқини белгилаш ҳақида 109 та ноқонуний қарор қабул қилинган. Оқибатда умумий қиймати 30 млрд сўмдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар бошқа шахслар номига расмийлаштирилиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.

Бош прокуратурага кўра, бундай суд қарорлари Тошкент шаҳрида 65 та, Тошкент вилоятида 21 та, Андижон, Жиззах, Наманган вилоятларида 4 тадан, Бухоро ва Фарғона вилоятларида 3 тадан, Қашқадарёда 2 та, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 1 тадан қабул қилинган.

Бундан ташқари, айрим судларда бошқа шахсларга тегишли бўлган 44 та объектга нисбатан мулк ҳуқуқини белгилаш каби қонунчиликка зид амалиёт ҳам шаклланган.

“Бундай қонунбузилишларига асосан Тошкент шаҳрида 30 та, Тошкент вилоятида 4 та, Фарғона вилоятида 3 та, Қашқадарё вилоятида 2 та, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах ва Наманган вилоятларида 1 тадан йўл қўйилган”, – дейилади баёнотда.

Маълум бўлишича, судлар биргина Тошкент шаҳрида 30 та ҳолатда “Маҳалла” хайрия фондига тегишли бўлган жами 6 383 кв.м. бино-иншоотларни ноқонуний тарзда бошқа шахслар номига мулк ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклаган.

“Бундан ташқари, Иқтисодий процессуал кодексининг 134-моддасида кўра, суд келишув битими шартлари қонунчиликка зид бўлса, унинг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса ҳамда у шарт асосида тузилган бўлса, уни тасдиқлашни рад этиши белгиланган бўлса-да, Тошкент шаҳар (15), Жиззах (3), Андижон (2), Бухоро, Наманган, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (1 тадан) ноқонуний тузилган келишув битимларини тасдиқлаш орқали 25 та ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларга мулк ҳуқуқлари берилган”, – дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Бу каби қонунбузилишларига йўл қўйилиши оқибатида, кўплаб ўзбошимча қурилган бино-иншоотлар ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларидаги объектлар тадбиркорлар номига расмийлаштирилиб, давлат манфаатларига зарар етказилган.

Шунингдек, Тошкент вилоятида 15 та, Жиззах ва Наманган вилоятларида 1 тадан ҳолатда ноқонуний суд қарорлари асосида жами 120 гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонлари бошқа шахслар номига бегоналаштириб юборилган.

Кейинроқ, Бош прокуратура матбуот хизмати бу хабарни Telegram-каналидан ҳам, расмий сайтидан ҳам ўчириб юборди.

Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, баёнотда айрим маълумотлар хато кетган, айни вақтда расмий ахборот қайта ишланмоқда.

Kun.uz манбаларига кўра, Судялар олий кенгаши қарори билан 2022 йилда ўндан ортиқ судя одил судловни амалга ошириш жараёнида қонунчиликни бузгани учун вазифасидан озод қилинган. Шунингдек, 7 нафар судяга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Аввалроқ, Kun.uz Бош прокуратура тегишли бошқармаси томонидан олиб борилаётган дастлабки тергов даврида Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва бошқа моддалари билан айбланаётган 3 нафар собиқ судя эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини хабар қилган эди. Расмийлар бу хабарни инкор ҳам қилмаган, тасдиқламаган ҳам.

Мавзуга оид