Мени Ўзбекистоннинг ҳақиқий ва самимий дўсти деб билинг — М.Чунгонг
Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг ва Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева видеоконференция орқали мулоқот қилди.
20 декабр куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг билан видеоконференция орқали мулоқот қилди.
Парламентлараро иттифоқ (ПИ) 1889 йилда ташкил этилган ва 179 мамлакат парламентларини ўз ичига олган парламентлараро мулоқот учун энг йирик платформа ҳисобланади. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Женевада жойлашган ва 2014 йилдан бери унга камерунлик Мартин Чунгонг раҳбарлик қилмоқда.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикаси ва ПИ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Бош котиб ПИ Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратаётганини таъкидлади.
«Сизнинг ёндашувингиз намуналидир ва ташкилот билан тизимли ва самарали ишлашнинг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қилади», деди у.
Чунгонг президент мурожаатининг кўлами ва натижаларини юқори баҳолади ва парламент ислоҳотлари доирасида муаммоларни ҳал этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.
«Улар мамлакат фаолиятининг деярли барча жабҳаларига, халқ тинчлиги ва фаровонлигига дахлдор. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини амалга оширишда иштирок этиш мен учун шараф. Мени Ўзбекистоннинг ҳақиқий ва самимий дўсти деб билишингизни сўрайман», деди у.
М. Чунгонг Ўзбекистонда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ижросини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилганини алоҳида таъкидлади: «Бу тажрибага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Унинг минтақада ўхшаши йўқ ва иттифоққа аъзо мамлакатлар парламентлари орасида кенг тарғиб қилиниши керак, деб ҳисоблайман».
У, шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистонда ПИ Ассамблеяси ва тегишли тадбирларни ўтказишга тайёрлигини билдирди. Унинг фикрича, ушбу Ассамблея иттифоқ тарихидаги энг йирик ассамблеяга айланиши мумкин: «Бу йил кузда биз халқаро парламентаризмнинг барча йўллари Тошкент ва Самарқандга олиб боришига гувоҳ бўлдик. ПИ асосий тадбири – Ассамблеяни ўтказиш учун барча асослар бор».
М.Чунгонг фикрича, Ассамблеянинг Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон парламентлари ҳамкорлигида муҳим воқеага айланиши, парламентаризмнинг турли масалалари учун яхши истиқболларни очиши мумкин.
Мавзуга оид
19:13 / 02.11.2024
Олий Мажлис Сенати аъзолари сайловини ўтказиш санаси белгиланди
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024