Жамият | 22:10 / 24.12.2022
29050
2 дақиқада ўқилади

14 ёшли ўсмир ваҳшийларча калтакланди

Қашқадарёда 14 ёшли бола аёвсиз калтаклангани айтилмоқда. Яқинларининг маълум қилишича, бир гуруҳ эркаклар А.А.нинг бош қисмига кетмондаста билан аёвсиз уришган. Натижада у юзи, кўзи ва бош қисмига шикаст етиб ҳушсиз ҳолатга келган.

Фото: Видеодан кадр

Воқеа 17 декабр куни Косон тумани Гулистон маҳалласидаги дала майдонида содир этилган. Бир неча кун ўтиб боланинг жароҳатлангани тасвирланган лавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди.

Воқеанинг гувоҳи бўлган аёлнинг сўзларига кўра, шу куни уч нафар шахс болани ураётган бўлган. Улардан бирининг қўлида белкурак, бирининг қўлида катта калтак бўлган. Улар болани ўлди деб ўйлаб жарга улоқтиришади ва воқеа жойидан қочишади.

Аёл ҳодиса ҳақида одамларга хабар беради. А.А. оғир аҳволда шифохонага келтирилди. Уни жонлантириш бўлимига ётқизишади. Шифокорнинг ташхисига кўра бемор олиб келинганда қўшма шикастланиш: ёпиқ калла мия шикастланиши, бош мия лат ейиши, бурун суягининг очиқ майдаланиб синиб силжиши, бурун, юқори лаб, лунж, пастки лаб ва ўнг қулоқ супраси соҳасида эзилиш, пастки лаб ички соҳасида эзилган жароҳат, травматик оғир ҳолатда бўлган.

Гумон қилинган шахслар терговга жалб қилинган. Ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти ИИБ расмий маълумот бериб, Косон тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш), ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилаётганини маълум қилди.

Аммо боланинг аҳволи унга енгил эмас, оғир тан жароҳат етказилганини кўрсатиб турибди.

Мавзуга оид