АҚШда қишки бўрон қурбонлари сони ортиб бормоқда
Қурбонларнинг аксарияти Буффало шаҳри ва унинг атрофидан топилган. Фавқулодда хизматлар маълумотларига кўра, АҚШда қурбонлар сони ортади.
Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда қишки бўрон оқибатида 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Америка оммавий ахборот воситалари турли маълумотларни келтирмоқда. ABC телеканали маълумотларига кўра, 25 декабрь, якшанба оқшомида мамлакатда камида 39 кишининг ўлим ҳолати қайд этилган. NBC телекомпанияси ўз ҳисоб-китобларига таяниб, 41 қурбон ҳақида хабар бермоқда. Фавқулодда хизматлар маълумотларига кўра, қурбонлар сони ортади.
ОАВ хабарига кўра, ёмон об-ҳаво туфайли 12 штатда: Колорадо, Иллинойс, Канзас, Кентукки, Мичиган, Миссури, Небраска, Нью-Йорк, Оҳайо, Оклахома, Теннесси ва Висконсинда одамлар ҳалок бўлган. Энг кўп ўлим Эри кўлининг шарқий қирғоғида жойлашган Буффало шаҳрида ва унинг атрофида қайд этилган. Нью-Йорк штати Эри округи ижрочи директори Марк Полонкарцнинг Twitter саҳифасида хабар беришича, қурбонлар сони 12 кишига етди.
Ўлганлар уйлар, транспорт воситалари ва қор уюмлари остидан топилган. Қурбонларнинг энг ёши каттаси 93 ёшда, энг кичиги 26 ёшда. Округда автомобиль ҳайдаш вақтинчалик тақиқланган. Буффало Ниагара халқаро аэропорти 27 декабргача ёпиқ.
Рождество дам олиш кунларида АҚШда йирик қиш бўрони содир бўлди, кўплаб штатлар фавқулодда ҳолат эълон қилди. Ноқулай об-ҳаво туфайли юз минглаб хонадонлар электр энергиясиз қолди. FlightAware сайтига кўра, мамлакатда 23 декабрда деярли 6000 та, 24 декабрда 3500 га яқин ва 25 декабрда 2400 дан ортиқ рейслар бекор қилинган.
АҚШ об-ҳаво хизмати ҳозирги ёмон об-ҳаво шароитини «тарихий» деб атади. Айрим жойларда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 48 даража совуққача пасайди.