Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда ҳарбий аэродромдаги кучли портлаш ҳақидаги маълумот текшириляпти
Саратов вилоятидаги Энгелс ҳарбий аэродроми яқинида кучли портлаш юз берди, деб ёзади Baza ва "Кровавая барыня" Telegram-каналлари.
Ушбу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ. Telegram'да тарқалаётган видеолардан бирида гўёки Энгелсдаги ҳаво тревогаси сиреналарининг ишлаши акс этган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари Энгелс ҳарбий аэродромидаги ҳодиса ҳақидаги маълумотларни текширмоқда, деди Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргин.
Энгелсдаги турар жой мавзеларида ҳеч қандай фавқулодда вазиятлар рўй бермади, деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.
Шу билан бирга, Роман Бусаргин фуқаролик инфратузилмаси объектлари зарар кўрмаганини қўшимча қилди.
Бундан олдин, декабр ойи бошида Россия ҳудуди ичкарисидаги иккита ҳарбий аэродром ҳужумга учраганди - Рязан яқинида ва Саратов областидаги Энгельс аэродромида портлашлар рўй берганди. Икки авиабазада ҳам ядровий қурол ташиб юрувчи стратегик авиация самолётлари жойлашган.
Россия ҳукумати бу ҳодисаларга украинлар дронлар орқали ҳужум қилгани сабаб бўлганини маълум қилди. РФ мудофаа вазирлигига кўра, дронлар Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали уриб туширилган, аммо парчалар қулаши оқибатида уч нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, тўрт нафари яраланган, яна икки самолёт корпуси шикастланган.