Ўзбекистон | 19:57 / 26.12.2022
23929
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев МДҲ норасмий саммитида иштирок этди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабр куни Санкт-Петербург шаҳрида Владимир Путин ташаббуси билан ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда президент ахборот хизмати хабар бермоқда.

Саммитда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам қатнашди.

Хабарда айтилишича, саммитда жорий йилдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, бўлажак 2023 йил учун устувор вазифалар муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон МДҲ доирасидаги ҳамкорликни уч йўналишда: сиёсат ва хавфсизлик борасида, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ривожлантирмоқда. МДҲ маконида тўлақонли эркин савдо ҳудудини шаклантириш ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш устувор вазифалардир, дейилади хабарда.

Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, озиқ-овқат, энергетик ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган миллий дастур ва стратегияларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2022 йилда Ўзбекистоннинг ҳамдўстлик мамлакатлари билан товар айирбошлаши учдан бир ҳиссага ортган, мингдан зиёд қўшма корхоналар ташкил этилган.

 

Мавзуга оид