Ўзбекистон | 10:38 / 26.12.2022
4138
2 дақиқада ўқилади

Термиз халқаро аэропорти реконструкциядан сўнг ишга туширилди

26 декабрь куни Термиз халқаро аэропорти биринчи рейсни қабул қилди. Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент — Термиз йўналиши бўйича HY-65 рейси, бортида 146 нафар йўловчилар билан, соат 08:15 да Термиз аэропортига келиб қўнди.

Фото: Uzbekistan Airports

55 кунлик танаффусдан сўнг Термиз халқаро аэропорти самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш учун яна очилди. Қайта қуриш доирасида узунлиги 3000 метр ва эни 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаклари ва учта самолёт тўхташ жойи учун перронни ўз ичига олган, янги 4E тоифали аэродром мажмуаси қурилди. 

Шунингдек, аэродромга замонавий CAT-I ICAO ёритиш ускуналари тизими, метеорологик ва радионавигация қўниш тизимлари ўрнатилди. Янги аэродром мажмуасини қуриш лойиҳаси 550 миллиард сўмга баҳоланмоқда. Айни пайтда 377 миллиард сўмлик ишлар бажарилган. Лойиҳанинг якуний босқичи — учта самолёт турар жойи ва иккинчи юриш йўлаги 2023 йилнинг апрелигача якунланиши режалаштирилмоқда.

Термиздаги янги аэродромнинг учиш-қўниш йўлаги бетондан қурилган. Бу Сурхондарё вилоятининг иссиқ иқлими шароитида энг яхши ечим — бетондан ясалган учиш-қўниш йўлаги мустаҳкамроқ ва чидамлироқ. Бугунги кунга қадар фақат Навоий ва Термиз аэропортларида бетондан учиш-қўниш йўлаги қурилган.

Термиз аэропорти янги аэродром мажмуасини фойдаланишга топширишга тайёргарлик кўрилаётгани муносабати билан 1 ноябрь куни ёпилган ва парвозлар вақтинча республиканинг бошқа халқаро аэропортларига йўналтирилиб келинган эди. Аэропорт терминали ҳам реконструкция қилиниб, 2019 йилда фойдаланишга топширилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид