Президент Фармацевтика агентлиги раҳбарини ишдан олди

Фото: Президент матбуот хизмати
Айни дақиқаларда ўтаётган йиғилишда давлат раҳбари соғлиқни сақлаш соҳасига тўхталди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёев "Док-1 Макс" препаратини қабул қилиш оқибатида болалар ҳаётдан кўз юмгани билан боғлиқ вазиятни қаттиқ танқид қилган.
"Самарқанд ва Қашқадарёдаги болалар ўлими соҳада ишлар аҳволини, назорат йўқлигини кўрсатди. Бугун Фармацевтика агентлиги раҳбари Қориевни ишдан олдим. Бунга йўл қўйган мутасаддиларнинг ҳаммаси қонун олдида жавоб беради!" - деди Президент.

Самарқанд ва Қашқадарёдаги болалар шифохонасида «Док-1 МАКС» препарати сабаб 19 нафар бола вафот этгани ҳақида маълумот тарқалганди.
Ўрганишларга кўра, Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябр–декабр ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган. 3 нафар бемор соғломлаштирилиб уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар.
Беморлар яқинларидан уларнинг касалланиш сабаблари суриштирилганда уларда шамоллаш аломатлари бўлгани ва даволаш мақсадида «Док-1 МАКС» препарати қабул қилишганидан сўнг аҳволи оғирлашганини айтишган.
Ўз навбатида, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 5 кун давомида Док-1 Макс сиропини истеъмол қилиб келган бола ҳам вафот этган. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган.
Маълумот учун, Сардор Қориев 2019 йил 21 февралдан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори сифатида иш юритиб келаётганди.
Мавзуга оид

12:11 / 27.03.2025
Барча фармацевтика ва тиббий хизмат кўрсатувчи компаниялар ҚҚС тўловчисига айланади

12:27 / 26.03.2025
БМТ идораси Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотлари экспортида кўмаклашади

08:39 / 18.02.2025
Кувайт Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

20:25 / 05.02.2025