Ўзбекистон | 01:45 / 31.12.2022
77292
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукумати қандай ўзгарди? Асосий маълумотлар

Ўзбекистонда ҳукуматнинг янги таркиби тасдиқланди. Бир кунда 32 та янги тайинлов амалга оширилди. Аввалги ҳукуматдаги вазирлардан 11 нафари лавозимини тарк этди. Уларнинг бир қисми бошқа вазирликларга ўтган бўлса, бир қисми ўз раҳбарлигидаги вазирликлар бошқа вазирликлар билан қўшиб юборилиши оқибатида вазир ўринбосари бўлиб қолган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2022 йил охирида ҳукумат таркиби сезиларли даражада янгиланди ва ўзгартирилди. Президент ҳужжатлари билан янги лавозим тайинловлари амалга оширилди.

Бош вазир ўринбосарлари

Бош вазир ўринбосарлари сони икки баробарга қисқартирилди —Очилбой Раматов, Жамшид Қўчқоров, Жамшид Хўжаев ва Зулайҳо Маҳкамова бош вазир ўринбосари лавозимларини сақлаб қолди. Шуҳрат Ғаниев, Азиз Абдуҳакимов ва Жўрабек Мирзамаҳмудов эса ортиқ бош вазир ўринбосарлари ҳисобланмайди. Бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари ўрни Беҳзод Мусаев ССВ раҳбарлигига ўтказилганидан буён вакант қолаётганди.

Очилбой Раматов

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими тугатилган, энди Очилбой Раматов ҳукуматда шунчаки ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммунал соҳа, қурилиш ва транспорт масалалари мажмуаси раҳбари бўлиб қолган.

Президент фармонига кўра бош вазир ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида бошқа раҳбарлик лавозимларида ишлаши мумкин эмас. Шунга кўра, Жамшид Қўчқоровдан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири лавозими олинган, у энди макроиқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар масалалари мажмуаси раҳбари ҳисобланади.

Жамшид Қўчқоров

Шунингдек, Жамшид Хўжаев Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигидан кетган, у инвестициялар ва ташқи савдо мажмуаси раҳбари бўлиб қолади.

Жамшид Хўжаев

Азиз Абдуҳакимов бош вазири ўринбосарлигидан ҳам, туризм вазирлигидан ҳам кетган, у энди табиат ресурслари вазири лавозимига ўтказилган.

Бош вазирнинг ёқилғи-энергетика ва кимё соҳаларини ривожлантириш бўйича ўринбосари бўлган Жўрабек Мирзамаҳмудов бу лавозим тугатилгани туфайли фақат энергетика вазирлиги раҳбарлигини ўзида сақлаб қолган.

Агросаноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат ва истеъмол моллари комплекслари масалалари мажмуаси раҳбари бўлган Шуҳрат Ғаниевнинг ҳам лавозими тугатилган, унинг кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Бош вазир ўринбосарларидан яна бири Зулайҳо Маҳкамова ҳам Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси лавозимини тарк этган.

Зулайҳо Маҳкамова

Вазирликлар

Вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқарган. Бу вазирликларнинг бир қисми бир-бирига қўшиб юборилиши ҳисобига амалга оширилди. Аввалги ҳукуматда вазир лавозимида бўлганларнинг 11 нафари ўз лавозимини тарк этди, булар — Жамшид Хўжаев, Жамшид Қўчқоров, Азиз Абдуҳакимов, Владимир Норов, Бахтиёр Саидов, Беҳзод Мусаев, Тимур Ишметов, Абдуқодир Тошқулов, Нозим Ҳусанов, Шерзод Ҳидоятов ва Агриппина Шин.

1. Халқ таълими вазирлиги негизида ташкил этилган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг янги раҳбари Ҳилола Умарова бўлди. У бунгача президент таълим муассасалари агентлиги директори лавозимида эди.

Ҳилола Умарова

Янги вазирлик ҳузурида Мактабгача таълим агентлиги ташкил этилган. Ўз навбатида, собиқ мактабгача таълим вазири бўлган Агриппина Шин Ҳилола Умарованинг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлади.

2. Собиқ халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлигига ўтказилди. Ўзбекистоннинг Хитойдаги собиқ элчиси бўлган Саидов сўнгги саккиз ой давомида ТИВни бошқарган Владимир Норовнинг ўрнини эгаллади. Норовнинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот йўқ.

3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги негизида ташкил этилган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини собиқ инновация вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошқаради. Олий таълим вазирлигининг собиқ раҳбари Абдуқодир Тошқулов эса президент администрациясига ишга ўтган — президент маслаҳатчиси ўринбосари сифатида.

Иброҳим Абдураҳмонов

4. Супервазирлик мақомини олган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Молия вазирликлари негизида ташкил этилди, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси ҳам шу вазирлик таркибига кириб кетди. 2020 йилдан молия вазирлигини бошқариб келган Тимур Ишметов янги вазирлик раҳбарлигида қола олмади — у ҳам Тошқулов каби президент маслаҳатчисига ўринбосар бўлиб кетди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги раҳбари бўлган Жамшид Қўчқоров ҳам юқорида айтилганидек, бош вазир ўринбосари сифатида бошқа вазирликка раҳбарлик қилолмасди. Натижада янги вазирликни ДСҚ раҳбари Шерзод Қудбиев бошқарадиган бўлди.

Шерзод Қудбиев

Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ўз жойида қолди — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси раиси лавозимида. Ҳозирча солиқ қўмитасининг янги раҳбари ким бўлиши маълум эмас.

5. Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўнгги бир йил давомида раҳбарлик қилиб келган Беҳзод Мусаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнини биринчи ўринбосари Амрулло Иноятов эгаллади.

Амрулло Иноятов

6. Учта вазирлик – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги негизида ташкил этилган Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги раҳбарлиги ССВдан кетган Беҳзод Мусаев бошқарувига ўтди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги собиқ раҳбари Нозим Ҳусанов унга ўринбосар этиб тайинланди. 2022 йил мартидан маҳалла вазири бўлган Турсинхан Худайбергенов ноябр ойида президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилганди.

Бехзод Мусаев

7. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги негизида ташкил этилган Инвестициялар, саноат ва савдо вазири лавозимига Лазиз Қудратов тайинланди. У бунгача Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевнинг биринчи ўринбосари эди.

Лазиз Қудратов

Ушбу вазирлик таркибига ССВдан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қўшиб берилган. Ушбу агентлик раҳбари Сардор Кариев «Док-1 МАКС» дорисидан болалар ўлими қайд этилиши ортидан ишдан олинди.

8. Қурилиш вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги негизида ташкил этилган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига шу вақтгача қурилиш вазири бўлиб келган Ботир Зокиров раҳбарлик қилади. Шу вақтгача Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири сифатида ишлаган Шерзод Ҳидоятов энди Зокировнинг биринчи ўринбосари бўлади.

Ботир Зокиров

9. Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги негизида ташкил этилган Маданият ва туризм вазирлигига собиқ маданият вазири Озодбек Назарбеков раҳбарлик қилади.

Озодбек Назарбеков

Бунгача Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари бўлган Улуғбек Аъзамов маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

10. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси негизида ташкил этилган табиат ресурслари вазирлиги раҳбарлигини собиқ бош вазир ўринбосари ва собиқ туризм вазири Азиз Абдуҳакимов олди. Қўмитанинг собиқ раҳбари Нарзулло Обломуродов унга ўринбосарлик қилади.

Азиз Абдуҳакимов

Ўрмон хўжалиги қўмитаси Ўрмон хўжалиги агентлиги сифатида ушбу вазирлик таркибига киритилган, қўмита раиси бўлиб келган Низомиддин Бакиров энди агентлик директори сифатида фаолият юритади.

11. Спортни ривожлантириш вазирлиги негизида ташкил этилган Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига собиқ спорт вазири Адҳам Икромов тайинланди.

Адҳам Икромов

Ёшлар ишлар агентлиги ушбу вазирлик таркибига кирган, агентликнинг собиқ раҳбари Алишер Саъдуллаев энди Икромовнинг биринчи ўринбосари – Ёшлар ишлари агентлиги директори лавозимида бўлади.

12. Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси негизида Тоғ-кон ва геология вазирлиги ташкил этилган. Янги вазирликка қўмитанинг собиқ раҳбари Бобур Исломов раҳбарлик қилади.

Бобур Исломов

Бахтиёр Ғуломов вазирлик ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлиги назорат инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланди.

13. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги негизида ташкил этилган Рақамли технологиялар вазирлигига АКТ раҳбари бўлиб келган Шерзод Шерматов тайинланди - яъни амалда у ўз лавозимини сақлаб қолди.

Шерзод Шерматов

14. Энергетика вазирлигини Жўрабек Мирзамаҳмудов бошқаришда давом этади. Юқорида айтилганидек, у энди бош вазир ўринбосари эмас.

Жўрабек Мирзамаҳмудов

Вазирлик ҳузуридаги иккита инспекция бирлаштирилган: Электр энергетикада назорат инспекцияси ҳамда Нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси негизида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди.

Адлия вазирлиги (Акбар Тошқулов), Ички ишлар вазирлиги (Пўлат Бобожонов), Мудофаа вазирлиги (Баҳодир Қурбонов), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Абдулла Қўлдошев), Транспорт вазирлиги (Илҳом Маҳкамов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Азиз Воитов) ва Сув хўжалиги вазирлигида (Шавкат Ҳамроев) ўзгаришлар йўқ. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурига ўтказилган Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимига Баҳромжон Норқобилов тайинланган.

Мавзуга оид