Ўзбекистон | 14:24 / 04.01.2023
8528
4 дақиқада ўқилади

Ангрендаги ИЭСлар бўйича ишончли бошқарув бекор қилинди

Ангрен шаҳридаги кўп қаватли уйларда иссиқлик таъминоти билан боғлиқ носозликлар кузатилди. Ушбу вазият фонида “Central Asia Energy” МЧЖга топшириб юборилган “Янги Ангрен” ва “Ангрен” ИЭСларнинг ишончли бошқаруви бекор қилиниб, Энергетика вазирлиги ихтиёрига қайтарилган. Қозоғистонда рўйхатдан ўтган компания ишончли бошқаруви даврида ИЭСлардаги тизим бутунлай издан чиққани айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

3 январ куни Kun.uzʼда Ангрен шаҳридаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли иссиқлик таъминотисиз кун ўтказаётгани ҳақида мақола эълон қилинганди.

Шаҳар ҳокимиятининг маълум қилишича, “Ангрен ИЭС”нинг 10-энергоблокида жиддий авария ҳолати юзага келгани сабабли тармоққа уланган уйларга иссиқлик етиб бормаган. “Иссиқлик тизими тикланиб, иссиқлик энергияси босқичма-босқич белгиланган меъёрда тўлиқ узатилмоқда”, – дейилади расмий муносабатда.   

Шунингдек, Ангрен “Иссиқлик энегрияси” ДУК маъмуриятининг 2 январ ҳолатига берган маълумотига кўра, марказлашган иссиқлик манбаидан (МИМ) иссиқлик энергиясини узатиш кўрсаткичлари белгиланган меъёрда амалга оширилмоқда.

“Корхонада мавжуд 21 та насос станцияси ва МИМлар ҳолати яроқли. 2/2-сонли насос станциясида электр юритгич “подшипник”нинг синиши аниқланган ва зудлик билан таъмирланиб, муаммо бартараф этилган”, – дейилади хабарда.

Бундан ташқари, шаҳар ҳокимиятининг қўшимча қилишича, жорий йилнинг январ ойидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, "Ангрен ИЭС" ишончли бошқарувдан қайтариб олинган.

Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Хабилжоновнинг Kun.uz’гa маълум қилишича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун ўз вақтида маблағ ажратилмаганлиги ишончли бошқарувнинг бекор қилинишига сабаб бўлган.

“Қозоғистонликларга тегишли компания бу ИЭСларга умуман қарамай қўйди. Икки марта носозлик кузатилди. Куз-қишга тайёргарлик кўриш учун 30 млрд сўм маблағни ҳам кеч ажратишган. Шаҳар ҳокими билан бирга ёздан бери бу бўйича эътироз билдирамиз, яқинда ҳам жойига бориб, шикоят қилганимиздан кейин тузатишга ўтишди.

Бу бўйича бош вазиргача чиқилди, 2 январ куни иккала ИЭС ҳам ташқи бошқарувдан олиниб, Энергетика вазирлигига берилди. Янги раҳбар ҳам тайинланди. Ўзимизга тўлиқ ўтганидан кейин пул ажратиладиган бўлди, ҳозир носозликларни тузатиш учун ишчи гуруҳ жалб этилган”, – дейди Улуғбек Хабилжонов.

Қолаверса, унинг таъкидлашича, ҳозирда “Ангрен ИЭС” АЖда 3та қозон бор, шундан биттасигина ишлаяпти. Қолган 2 таси ишламаяпти.

“Бу ерда айб “теплосет”да ҳам эмас, ҳамма айб «ГРЭС»да. Уларга: “нега носозликлар тузатилмаяпти?” дейилса, “теплосет”нинг 188 млрд сўм қарзи бор, дейди, “теплосет”га гапирилса, “аҳолининг 20 млрд сўм қарзи бор, тўламаяпти”, дейди. Хуллас, бош вазирга мурожаат қилинганидан кейин 4 кунда носозликлар тузатилди, ҳозир уйларга узатилаётган иссиқлик ҳарорати 60 даражага чиққан, илиқ бўлиб турибди. Агар қолган 2 та қозон ҳам ишга тушса, ҳарорат 70-80 даражагача кўтарилади”, – дея қўшимча қилди у.

Маълумот учун, аввалроқ, йирик иссиқлик станцияларидан иккитаси – “Янги Ангрен” ИЭС ва “Ангрен” ИЭС “Central Asia Energy” МЧЖга ишончли бошқарувга топшириб юборилганди. Бу компанияга Қозоғистонда рўйхатдан ўтган “Горние работи” эгалик қилади. Икки ўртада қандай расмий ва норасмий мажбуриятлар ва келишувлар бўлгани ҳалигача номаълум. Аммо Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотларига кўра, 2021 йилни “Ангрен ИЭС” 87,6 млрд сўм, “Ангрен иссиқлик энергияси корхонаси” ДУК 68,3 млрд сўм молиявий зарар билан якунлаган.

Мавзуга оид