Ўзбекистон | 13:04 / 10.01.2023
28685
2 дақиқада ўқилади

Аномал совуқ об-ҳаво ҳафта охиригача сақланиб туради

9-10 январь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Россиянинг Европа қисми шимолий ҳудудлари устида шаклланган жуда совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланди.

Фото: KUN.UZ

"Ўзгидромет" хабарига кўра, бугун кундуз куни республика ҳудудининг катта қисмида қор ёғади, республика тоғолди ва тоғли ҳудудларини баъзи жойларида кучли бўлади.

11 январда фақат республика марказий ва шарқий ҳудудларида жадаллиги асосан бироз камроқ бўлган қор ёғиши сақланиб туради.

Кейинчалик ҳафта охиригача Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

10-11 январь кунлари Сурхондарё вилояти ва Фарғона водийси вилоятларининг айрим жойларида шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида эса 23-25 м/с гача кучайиши мумкин.

Совуқ ҳавонинг кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳарорат сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлади.

Ҳафтанинг ўртасига келиб, ҳарорат кечалари 12-17 даража совуққача, баъзи жойларда 20 даража совуққача, кундуз кунлари 5-10 даража совуққача, баъзи жойларда 12 даража совуққача пасаяди. 

Энг кучли совуқ республика шимолида - кечалари 20-25 даража совуққача, Устюртда ва Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида 27-30 даража совуққача, кундуз кунлари 7-12 даража совуққача бўлиши кутилмоқда.

Ушбу ҳафтанинг охиригача аномал (ғайритабиий) совуқ об-ҳаво сақланиб туради.

Ўзбекистон бўйича энг паст ҳарорат қийматлари сўнгги марта 2008 йил январь ойида кузатилган. Республика ҳудуди бўйича ҳарорат 17-22 даража совуққача, баъзи жойларда 24-26 даража совуққача, Қорақалпоғистон Республикаси ва чўл ҳудудларда 30-33 даража совуққача пасайиши қайд этилган. Ўша йилда Тошкентда минимал ҳарорат 17,4 даража совуқни ташкил этган.

1972, 1973, 1974 ва 1977 йилларда республика бўйича баъзи жойларда янада қаттиқ совуқлар кузатилган. Шимолда ва чўл ҳудудларда бу йилларда ҳарорат 33-38 даража совуққа етган. Тошкентда 1974 йил январь ойида ҳаво ҳарорати 18,6 даража совуққача пасайиши қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид