08:39 / 10.01.2023
5074

Чехия собиқ бош вазири Бабиш фирибгарлик иши бўйича оқланди

Андрей Бабиш иштирок этаётган президентлик сайловларига бир неча кун қолганда, суд унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаган деб топди.

Андрей Бабиш / Фото: AP

Прага суди Чехия собиқ бош вазири ва парламент депутати Андрей Бабишни Европа Иттифоқи субсидиялари билан фирибгарлик содир этиш иши бўйича оқлади, деб хабар берди AFP душанба, 9 январь. Судья Ян Шоттнинг сўзларига кўра, Бабишнинг ҳаракатларида жиноят таркиби топилмаган. Прокурор ушбу қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Айблов томони судланувчини 3 йиллик синов муддати ва 10 миллион крон (417 минг евро) миқдорида жаримага тортилишини талаб қилди.

Андрей Бабиш Европа Иттифоқи томонидан кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 2 миллион евро маблағни Прага яқинида Бабиш оиласи аъзоларига тегишли бўлган «Лайлак уяси» меҳмонхонасини қуриш учун ишлатган. Қурилиш участкаси 2006 йилда Бабишга тегишли бўлган Agrofert холдинги томонидан сотиб олинган. Айблов томони сиёсатчи бу фактни яширган деб ҳисобламоқда.

Иш бўйича тергов бир неча йил давом этди. 2022 йил март ойида Чехия парламентининг қуйи палатаси Прага прокуратураси талабига кўра Андрей Бабишни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилди.

2023 йилги сайловларда президентликка номзодини қўйиш ниятини билдирган сиёсатчининг ўзи барча айбловларни рад этиб, жараён сиёсий характерга эга эканлигини таъкидлади. У жиноий ишни президентлик сайловлари билан боғлади. Бабиш фаворитлардан бири саналади, дея қайд этади AFP.

«Бизда мустақил суд тизими борлигидан ва суд бошиданоқ айтганларимни тасдиқлаганидан жуда хурсандман. Мен айбсизман ва ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаганман», - дея изоҳ берди Андрей Бабиш суд қарорига.

Top