Ўзбекистон | 10:24 / 12.01.2023
2956
2 дақиқада ўқилади

Таъқиб этганлик учун ҳам ҳимоя ордери берилиши мумкинлиги белгиланяпти

“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда “Таъқиб этиш” (stalking) тушунчасига таъриф берилиб, таъқиб этганлик учун ҳам ҳимоя ордери берилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Таъқиб этиш - жабрланувчида қўрқув ёки руҳий тушкунликни келтириб чиқарувчи, уни хоҳиш-иродасига қарши қидириш, оғзаки, алоқа воситалари ёки бошқа усуллар орқали алоқага киришиш, иш, ўқиш ва яшаш жойига бориш билан ифодаланадиган бир мартадан кўп содир этиладиган ҳаракат.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан 1 йил муддатгача берилиши белгиланмоқда. Амалда ордер ички ишлар идоралари томонидан 30 кунга берилади. 2022 йилда илгари ҳимоя ордери берилган хотин-қизларнинг 12 нафари такроран зўравонликка учраган.

Ҳимоя ордери билан белгиланадиган қўшимча чекловлар турлари (жабрланувчи яшайдиган турар жой майдони ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчи иш жойи ёки бошқа жойларга яқинлашишни муайян вақтга чеклаш, муайян жойларда бўлмаслик, наркологик касалликдан даволаниш) киритилмоқда.

Мавзуга оид