Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркия суди Бинямин Нетаняҳу ва яна ўнлаб исроиллик амалдорларни ҳибсга олишга ордер берди
Туркияда Исроил ҳукуматининг юқори лавозимли амалдорларга нисбатан «геноцид» ва «инсониятга қарши жиноятлар» айблови бўйича ҳибсга олиш ордерлари чиқарилди. Истанбул прокуратураси баёнотига кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, мудофаа вазири Исроил Кац, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир дохил жами 37 кишига қарши айблов қўйилган.
Истанбул прокуратураси баёнотида айтилишича, жами 37 нафар шахсга қарши айблов қўйилган. Улар орасида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, мудофаа вазири Исроил Кац, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир, Исроил армияси бошлиғи генерал Эйол Замир ва денгиз кучлари қўмондони Давид Салама ҳам бор. Тўлиқ рўйхат эълон қилинмади.
Anadolu нашрининг ёзишича, Туркия расмийлари уларни 2023 йилдан буён Ғазодаги уруш давомида «тизимли равишда амалга оширилган геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар»да айблади.
Баёнотда, хусусан, «6 ёшли Ҳинд Ражабнинг Исроил аскарлари томонидан отиб ўлдирилгани, 2023 йил 17-октябрда «Ал-Аҳли» баптист касалхонасига ҳужумда 500 киши ҳалок бўлгани, 2024 йил 29 февралда Исроил аскарлари тиббий ускуналарни атайлаб вайрон қилгани, 2025 йил 21 мартда эса Туркия-Фаластин дўстлик касалхонаси бомбардимон қилингани», Ғазо тўсиб қўйилгани ва жабрланганларга ҳуманитар ёрдам етказилишига йўл берилмагани» таъкидланган.
Баёнотда, шунингдек Ғазога ҳуманитар ёрдам етказиш учун йўлга чиққан Global Sumud Flotilla кемасига халқаро сувлар ҳудудида Исроил томонидан уюштирилган ҳужум ҳам келтирилган.
Прокуратура ушбу ҳужум бўйича Туркия Жиноят кодексининг 12 ва 13-моддалари, Жиноят-процессуал кодексининг 15-моддаси ҳамда БМТнинг Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияси асосида «қийноқлар», «талончилик», «мулкка зарар етказиш», «озодликдан маҳрум этиш» ва «транспорт воситасини тортиб олиш ёки ушлаб туриш» каби жиноятлар бўйича суриштирув бошланганини билдирган.
Улар Истанбулга қайтгач, прокуратура жабрланувчиларнинг кўрсатмаларини олган. Тергов жараёнида жабрланувчилар вакиллари томонидан қўшимча аризалар топширилган, шунингдек, Истанбул 2-сон адвокатлар палатаси жума куни расмий жиноят иши қўзғатиш талабини киритган.
«Топилган далиллар асосида аниқланишича, Исроил давлати амалдорлари Ғазада содир этилган 'инсониятга қарши жиноятларʼ ва ʼгеноцидʼ ҳаракатлари, шунингдек Global Sumud Flotilla'га қарши ҳужумлар учун жиноий жавобгарликка тортилиши лозим,» дейилади баёнотда.
Суд шунингдек гумондорларнинг ҳозирча Туркия ҳудудида эмаслигини қайд этган. Шу сабабли, прокуратура сўрови билан 2025 йил 7 ноябрь куни Истанбул Тинчлик жиноий суди томонидан исроиллик амалдорларга нисбатан Туркия Жиноят кодексининг 76-моддаси (геноцид) ва 77-моддаси (инсониятга қарши жиноятлар) бўйича ҳибсга олиш ордерлари чиқарилди.
Ҳамас ва Исроилнинг муносабати
Al-Jazeera’нинг ёзишича, «Ҳамас» ҳаракати бу қарорни олқишлаб, уни «Туркия халқи ва раҳбарларининг адолат, инсонпарварлик ва биродарлик қадриятларига содиқлигини тасдиқловчи мақтовга лойиқ қадам» деб атади.
Исроил эса бу қарорни «шоу» деб атаб, кескин рад этди. «Исроил Эрдўған деган золимнинг навбатдаги PR шоусини нафрат билан рад этади», деган Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар.
Исроилнинг Ғазодаги икки йил геноцид кўринишидаги уруши давомида қарийб 70 минг фаластинликлар – аёллар ва болалар ҳам вафот этди. 150 мингдан ортиқ жароҳатланди. Ғазодаги деярли барча инфраструктура вайрон бўлган ва очарчилик бошланган. БМТ тергов комиссияси ва мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ғазода геноцид содир этилганини тасдиқлаган.
2024 йил ноябрь ойида Халқаро жиноий суд Ғазодаги геноцид айбловлари билан Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга нисбатан қамоққа олиш ордерларини чиқарган эди.
Бундан ташқари, 2023 йил декабрь ойида Жанубий Африка Республикаси Исроилга қарши Халқаро судда тарихий даъво қўзғатган — унда Исроил Ғазодаги уруш пайтида 1948 йилги «Геноцид конвенцияси»ни бузганликда айбланган. Ўтган йили Туркия Жанубий Африканинг Халқаро судда Исроилга қарши геноцид бўйича даъвосига ҳам қўшилган эди.
Ушбу жараён кейинчалик АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан эълон қилинган сулҳ ортидан тўхтатилган.
10 октябрдан буён Ғазо секторида минтақавий тинчлик режасининг бир қисми сифатида можаролардан кейинги нозик сулҳ кучда қолмоқда.
Мавзуга оид
17:36 / 01.12.2025
Қозоғистон ва Туркия денгиз дронлари ҳужуми бўйича Киевга норозилик билдирди
11:08 / 01.12.2025
Курдистон ишчи партияси Туркия билан ярашиш учун икки шарт қўйди
18:14 / 30.11.2025
Нетаняҳу Исроил президентидан коррупция иши бўйича афв сўради
08:30 / 29.11.2025