Ўзбекистон | 14:53 / 13.01.2023
3037
1 дақиқада ўқилади

Италия бозорига ўзбек маҳсулотлари экспорти кўпайтирилади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов Италия элчиси Агостино Пиннани қабул қилди.

Фото: Dunyo

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Италия кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Турли даражаларда бўлиб ўтадиган қўшма тадбирлар, хусусан, ТИВлараро сиёсий маслаҳатлашувлар ва «Италия – Марказий Осиё» шаклидаги мулоқот навбатдаги давраларини ўтказиш муддатлари ва кун тартиби бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, парламент аъзоларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Музокараларда иқтисодий дипломатияни фаоллаштиришга алоҳида урғу берилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, Италия бозорига ўзбек маҳсулотларининг экспортини кўпайтиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.

Маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон ва Италия ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид