Ўзбекистон | 11:24 / 13.01.2023
40059
2 дақиқада ўқилади

Якшанба куни Ўзбекистонга нисбатан илиқ ҳаво кириб келиши бошланади

Дам олиш кунлари совуқ ҳаво аста-секин кучсизлаша бошлайди.

Фото: Kun.uz

Бугун Ўзбекистон ҳудуди Қозоғистон шарқий ҳудудлари устида жойлашган кенг ва жуда совуқ антициклон жануби-ғарбий чеккасида (периферия) жойлашган. 

"Ўзгидромет" хабарига кўра, Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент, Сирдарё, Сурхондарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида қатламсимон булутлардан баъзи жойларда бироз қор ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати куннинг иккинчи яримда 7-12 даража совуқ бўлиши кутилмоқда.

Дам олиш кунлари республика барча ҳудудлари бўйича қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Шанба куни ҳаво ҳарорати кечаси 12-17 даража совуқни, баъзи жойларда 20 даража совуққачани, кундузи 5-10 даража совуқни, баъзи жойларда 12 даража совуққачани ташкил этади. 

Якшанба куни республика шимоли-ғарбий ҳудудларига Каспий денгизидан нисбатан илиқ ҳаво кириб келиши бошланади, у антициклон совуқ перифериясини ортга сура бошлайди.

Якшанба куни ҳаво бироз илиқлашади, кечаси 12-17 даража совуқ, кундузи 5-10 даража совуқ бўлади.

Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши кузатилади. Йўлларда баъзи жойларда яхмалак юзага келади. 13-16 январь кунлари қор кўчиши хавфи ортиши сабабли тоғли ҳудудларга бориш тавсия этилмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид