13:58 / 16.01.2023
15721

Янги Тошкентнинг бош режаси Сингапур компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади

Сингапурнинг Meinhardt гуруҳи билан ҳамкорликда Лойиҳа-инжиниринг маркази ташкил этилади. Марказ “Янги Тошкент” ақлли шаҳрининг биринчи босқичи бош режаси ва кимё-фармацевтика саноати корхоналари қурилиши билан шуғулланиши кўзда тутилмоқда.

Тошкент бош режасининг лойиҳа тақдимоти / Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Сингапурда Meinhardt Group раиси Шаҳзод Насим билан учрашди. Томонлар давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида қўшма лойиҳаларни, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Сингапур компанияси раҳбариятига биргаликда ишлаб чиқиш учун таклиф этилаётган истиқболли лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилди. Муҳокама якунида, томонлар қўшма Лойиҳа-инжиниринг марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришди.

Марказнинг асосий вазифаси шаҳарсозлик ва саноат соҳаларидаги ташаббусларда илғор тажрибаларни жорий этиш бўлади.

“Янги Тошкент” ақлли шаҳри биринчи босқичи бош режасини ишлаб чиқиш, ҳамда замонавий кимё ва фармацевтика саноат корхоналарини барпо этиш шулар жумласидан. Марказ учун малакали кадрлар Сингапур корхонаси томонидан тайёрланади.

Фото: Dunyo

Лазиз Қудратов, шунингдек, Indorama Corporation компанияси директори Пракаш Кежривал билан ҳам учрашди. Учрашувда тўқимачилик ва кимё саноатида янги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, Лазиз Қудратовнинг Сингапур компаниялари билан мазкур келишувлари президент Шавкат Мирзиёвнинг Сингапурга давлат ташрифи арафасида рўй бермоқда.

Маълумот учун, Янги Тошкент пойтахтнинг шарқий қисмида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилиши, 500 минг аҳолига мўлжалланган бўлиши кўзда тутилмоқда. Биринчи босқичда 6 минг гектарда қурилишлар қилинади.

Top