Жаҳон | 09:43 / 20.01.2023
11192
4 дақиқада ўқилади

Европанинг 11 давлати Украинага янги ҳарбий ёрдам ваъда қилди

Эстонияда бўлиб ўтган учрашувда Болтиқбўйи мамлакатлари, Буюк Британия, Полша, Германия ва бошқа давлатлар Украинага мисли кўрилмаган турли ҳарбий техника етказиб беришни ваъда қилди.

Фото: Reuters

Европанинг 11 давлатидан иборат гуруҳ Украинага янги ҳарбий ёрдам ваъда қилди. 19 январь, пайшанба куни Эстониянинг Тапа шаҳри яқинидаги ҳарбий базада бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Эстония, Латвия, Литва, Полша, Буюк Британия ва бошқа давлатлар мудофаа вазирлари Киевни турли мақсадлар учун ҳарбий техника, хусусан, асосий жанговар танклар, оғир артиллерия, ҳаво мудофааси ва ўқ-дорилар билан қўллаб-қувватлаш ниятида эканликларини маълум қилдилар

Янги ёрдам пакетига ўнлаб Stinger ЗРК, С-60 зенит-артиллерия тизимлари, пулемётлар, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни ўқитиш дастурлари киради. Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллеснинг айтишича, унинг мамлакати Украинага 600 та Brimstone танкка қарши ракеталарни беради. Бу юқори технологияли қуроллар «Украинага жанг майдонида ҳукмронлик қилишига ёрдам бериш учун ниҳоятда муҳим бўлади», деди у анжумандан сўнг.

Дания Киевга Францияда ишлаб чиқарилган 19 та Caesar гаубицаларини етказиб беришга ваъда берди. Литва Украинага 125 миллион евро миқдорида янги ёрдам беради, деди Мудофаа вазирлигининг Вилнюсдаги вакили Reuters агентлигига. Шу билан бирга, Эстония ҳукумати Украинага жами 113 миллион евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатишни маъқуллади, шу жумладан бир неча ўнлаб 155 ва 122 миллиметрли гаубицалар, улар учун бир нечта снарядлар, ташиш учун юк машиналари, 100 дан ортиқ Carl Gustaf танкка қарши граната отиш мосламалари ва уларга 1000 дан ортиқ ўқлар билан. Бу тўплам Таллиннинг уруш бошланганидан бери Киевга берадиган энг катта пакети бўлади.

Шундай қилиб, Эстониянинг Украинага ҳарбий ёрдами 370 миллион еврогача ошади ва Болтиқбўйи давлати ялпи ички маҳсулотининг бир фоиздан сал кўпроқ қисмини ташкил қилади. «Эстонияликлар ўзларининг оғриқли тарихидан ёвузлик ғалаба қозонса ва катта давлат кичикларни ютиб юборса нима бўлишини яхши билади. Агар Украина қулаб тушса, дунёнинг бошқа қисмларида ҳам эркинлик таҳдид остида қолади. Украинага ўз мустақиллигини ҳимоя қилишда ёрдам бериш орқали биз барча мамлакатлар, шу жумладан Эстониянинг эркинлик ва демократияга ҳуқуқини ҳимоя қиламиз», - деди Эстония бош вазири Кая Каллас.

Қўшма баёнотда айтилишича, Европа давлатларининг янги ёрдами уларнинг захиралари ва ресурсларидан олинади ҳамда вазиятнинг жиддийлигини ўзаро тушунишни намойиш этади. Унинг муаллифлари иттифоқчилар ва ҳамкорларни бунга эргашишга, Россияга қарши урушда имкон қадар тезроқ ғалаба қозонишини таъминлаш учун Рамштайнда бўлиб ўтадиган учрашувда Украинага янги ёрдам пакетларини эълон қилишга чақирди.

Уоллеснинг сўзларига кўра, учрашув Россия президенти Владимир Путинга Ғарб давлатлари ҳамон Украинани қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади. Агар Путин келгуси йилда қўллаб-қувватланиш камайиб кетишига умид қилаётган бўлса, у хато қилади, деди у. «Биз бу йил, кейинги йил ва ундан кейин ҳам шунга ўхшаш ишларни режалаштирамиз», — дея қўшимча қилди Британия Мудофаа вазирлиги раҳбари. Ўз навбатида Эстония мудофаа вазири Ханно Певкур ташаббусни қўлга олиш ва Россияга қатъий жавоб қайтариш учун Киевга энг муҳими - оғир қуроллар кераклигини таъкидлади.

Тапа учрашуви Эстония ва Буюк Британия мудофаа вазирлари ташаббуси билан Рамштайн конференциясидан бир кун олдин бўлиб ўтди. Унда улардан ташқари Латвия, Литва, Полша, Дания, Чехия, Германия, Нидерландия ва Словакия вакиллари иштирок этишди. Германиянинг Рамштайн шаҳридаги Америка ҳарбий базасида бўлиб ўтадиган навбатдаги конференцияда 50 га яқин давлат иштирок этади ва у мудофаа бўйича алоқа гуруҳи доирасидаги Украина иттифоқчиларининг энг йирик учрашуви бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид