Жаҳон | 10:36 / 20.01.2023
10122
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Германияни Leopard танклари бўйича позицияси туфайли танқид қилди

«Агар сизда Leopard танклари бўлса, уларни бизга беринг», — дея мурожаат қилди Украина президенти Германия ҳукуматига. У мамлакати ўзини ҳимоя қилаётгани ва Россияга ҳужум қилиш ниятида эмаслигига ишонтирди.

Фото: president.gov.ua

Украина президенти Володимир Зеленский Рамштайндаги ўз мамлакатига ҳарбий ёрдам бўйича конференция олдидан яна Leopard асосий жанговар танкларини етказиб беришга чақирди ва бу борада Германия ҳукуматини танқид қилди. Германиянинг ARD телеканалига 19 январь, пайшанба куни кечқурун эълон қилинган интервьюсида у Берлиннинг қурол-яроғ етказиб беришда ўз имкониятларига эмас, балки бошқа давлатларга эътибор қаратиш истагини қабул қилиниши мумкин эмаслигини айтди.

«Ҳозир савдолашиш вақти эмас, омон қолиш вақти. Биз омон қолишимиз керак», - деди Зеленский. Унинг сўзларига кўра, Украинада ҳар куни одамлар ҳалок бўлаётган бир пайтда Ғарб яна олти ой мунозаралар ўтказмоқчи. «Агар сизда Leopard танклари бўлса, уларни бизга беринг», деди Украина давлати раҳбари. Шу билан бирга, у Украина ўзини Россия босқинидан ҳимоя қилаётганини ва Россияга ҳужум қилишни режалаштирмаётганини таъкидлади. «Бу Leopard танклари Россия бўйлаб юрмайди, биз мудофаа ҳолатидамиз», — деди у.

Шу билан бирга, Зеленский Германия канцлери Олаф Шольцга кўрсатилган ҳарбий ёрдам учун миннатдорчилик билдирди. «Ҳамма эшитишини истайман – биз Германиядан миннатдормиз», деди у ва Шольц Украина армиясига «жуда яхши ёрдам пакети» тақдим этганини таъкидлади. Украина президенти, шунингдек, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш учун Ғарб иттифоқчилари томонидан кўмак кучайишига умид билдирди. «Россия бизнинг ҳаво ҳудудимизни назорат қилмаслигини истардим», — дея қўшимча қилди у.

Зеленский ҳозирги босқичда Москва билан музокаралар ўтказиш имкониятини рад этди. «Россия мамлакатимизни бутунлай тарк этса, дипломатик йўл билан ҳал қилиш йўлидаги қадамлар ҳақида гапириш мумкин бўлади», - деди у. Шу билан бирга, у Россиядан Украинага етказилган зарарни қоплашни талаб қилди. «Бизга адолат керак», деди Украина президенти.

Германия айни дамда Полша ва бошқа иттифоқчилар томонидан кучли босим остида, улар уни Германияда ишлаб чиқарилган Leopard танкларини Украинага етказиб беришга рози бўлишга ундамоқда. Варшава ҳатто Берлиннинг розилигисиз Leopard'ни Киевга ўтказишга тайёрлигини очиқ кўрсатди. Германия ҳозирча иттифоқчилар, жумладан, АҚШ ҳам худди шундай қилсагина, Украинага танклар беришга рози бўлишини айтган.

20 январь куни Рамштайнда Ғарб иттифоқчиларининг Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича навбатдаги конференцияси бўлиб ўтади. Киевга яна бир неча миллиард долларлик қурол пакети ажратилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, экспертларнинг қайд этишича, агар иттифоқчилар Киевга замонавий жанговар танкларни топшириш бўйича келишмаса, бу учрашув муваффақиятсиз деб ҳисобланади.

Мавзуга оид