Ўзбекистон | 19:06 / 23.01.2023
21495
2 дақиқада ўқилади

Меҳриддин Хайриддинов бош вазир маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди

Бош вазир маслаҳатчилари лавозими тугатиляпти. Хайриддинов бошқа ишга ўтказилмоқда.

Меҳриддин Хайриддинов

Ҳукумат қарори билан, Меҳриддин Акмалович Хайриддинов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон бош вазирининг маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаментининг бошлиғи лавозимидан озод этилди.

Бу департамент ва лавозим 2019 йилда ташкил этилганди. Аввалига Комил Рашидов, 2020 йил августида эса Меҳриддин Хайриддинов бу лавозимни эгаллаганди. Хайриддинов бунгача Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги бош консули эди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил бошидан бошланган ҳукуматдаги тузилмавий ўзгаришлар доирасида бош вазирнинг барча 3 та маслаҳатчиси лавозими тугатилди. Бош вазир ўринбосарлари сони 8 тадан 4 тага туширилди.

Ўзгаришларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида 269 та штатдан 120 таси қолади. Бунда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлимидан иборат Вазирлар Маҳкамаси аппарати тугатилмоқда.

Унинг ўрнига ҳукумат раҳбари фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил қилинмоқда.

Мавзуга оид