Ўзбекистонга чартер рейслардан жой олиш рўйхати ким томонидан ва қай тартибда тузилмоқда?

– Россияда жуда кўп ўзбекистонликлар яшаб, меҳнат фаолиятини олиб боради. 16 мартдан буён улардан бўлаётган мурожаатларни қабул қилиш учун телеграм-бот йўлга қўйилган. Ботдаги ҳавола орқали фуқаронинг ўзи исм-фамилия, паспорт ва бошқа маълумотларини қолдиради, бот бу маълумотларни автоматик тарзда рўйхатга киритиб боради.

Одамлар бир неча маротаба рўйхатга ёзилиш ҳолатлари ҳам бор. Буни тозалашга ҳам анча вақт кетяпти. Шунинг учун рўйхатга киришни истаган фуқаролардан илтимос қилган бўлардим, 10-20 марталаб рўйхатдан ўтишмасин.

Чартер рейслар масаласини ким ҳал қилади?

– Чартер рейслар фақатгина Республика махсус комиссияси қарори билан йўлга қўйилади. Қачон чартер қўйиш масаласи Ўзбекистондаги стационар карантин ўринларининг сони ва бошқа омилларни кўриб чиққан ҳолатда белгиланади.

«Элчихоналар рўйхат тақдим этади, холос»

Меҳриддин Хайриддинов

– Элчихоналар фақат рўйхатни тақдим этади. 50 мингдан ошиқ одам киритилган рўйхат бор. 60 мингга яқинлашмоқда. Рейс муддати маълум бўлгандан кейин биринчи навбатда ўта оғир касаллар, ҳомиладор аёллар, кексалар, ёш болалилар танлаб олинади. Рўйхат ичидан қайси бири оғирроқ, қайси бири енгилроқ ҳолатда эканига қараб танлаб олинади. Уларни танлашнинг ўзи ҳам масъулият, чунки бундай тоифага кирувчи одамлар ҳам кўп.

Фуқаролар шундай пайтда бағрикенглик намоён қилишса, матонатли бўлишса, янада мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бемор ёки ҳомиладорлик учун сохта ҳужжатлар тайёрловчи товламачилар пайдо бўлган

– Бундай илтимослар жуда ҳам кўп. Одамларни танлаб олиш – катта масъулият. 4 минг нафар ҳомиладор бўлганда, биринчи рейсда 250 киши кетса, қайси бири кетади, буни ҳал этиш – масъулият. Кимни рўйхатга тезроқ киритиш шу одамнинг саломатлиги билан боғлиқ. Рўйхатга киритадиган одам буни ҳис қилади, ўзидан ўтказади. Кейинги рўйхатдагилар навбатдаги рейсгача соғ бўлсин, деган нарса хаёлидан ўтади.

Оғир касаллар, ногиронлар олинади, деган эълондан кейин, телеграм-ботда ҳамма бирданига «касал» бўлиб қолди. Касал бўлса, ҳужжатини кўрсатади, унинг рост-ёлғонлиги текширилади.