Жаҳон | 21:57 / 23.01.2023
10313
3 дақиқада ўқилади

Британия янги қиролига тож кийдириш маросими 3 кун давом этади 

2023 йил 6-8 май кунлари Буюк Британияда тантанали тадбирлар ўтказилади. 

Фото: Henry Nicholls/WPA Pool/Getty Images

Британия монархи Чарлз Учинчига тож кийиш маросими 2023 йилнинг май ойида бўлиб ўтади, бу ҳақдаги маълумот Букингем саройи матбуот хизмати томонидан эълон қилинди. 

Буюк Британия янги қиролининг тахтга ўтириши муносабати билан тантаналар уч кун - 6-8 май кунлари ўтказилади. 

Биринчи куни монархга тож кийдирилади. Тадбир Вестминстер аббатлигида бўлиб ўтади. 7 май куни Виндзор қалъаси деворлари ёнида жаҳон эстрадаси юлдузлари иштирокида катта концерт, лазер ва ёруғлик шоуси ҳамда дронлар паради бўлиб ўтади. 8 май куни катта тадбирлар бўлмайди, бироқ бу кун мамлакатда дам олиш куни деб эълон қилинган. 

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябр куни 96 ёшида вафот этганидан сўнг, унинг ўғли, 73 ёшли шаҳзода Чарлз янги қирол деб эълон қилинган эди. 

Анъанага кўра, янги қиролга тож кийдириш маросими зудлик билан ўтказилмайди. Чунки тадбир жуда пухта тайёргарликни талаб қилади. Қиролича Елизавета II 1952 йил февралда монарх бўлган, лекин фақат 1953 йил июн ойида тож кийган эди. 

Сўнгги 900 йил давомида тож кийдириш маросими Вестминстер аббатлигида ўтказилмоқда. У ерда тож кийган биринчи монарх Уилям Фотиҳ эди, Чарлз эса қирқинчи бўлади. 

Тадбир диний маросим шаклида ўтказилади. Унинг якунида Кентербери архиепископи Чарлзнинг бошига 1661 йилда соф олтиндан ясалган Авлиё Эдвард тожини кийдиради. У Лондоннинг Тауэр қалъасида сақланади. Монарх тожни фақат мана шу маросимда кияди, чунки у 2,23 кг оғирликка эга. 

Чарлзнинг рафиқаси Камилла консорт-қиролича бўлади (инг. consort - «шерик, ҳамроҳ») - бу Букингем саройининг Елизавета II вафотидан кейин берилган баёнотида алоҳида таъкидланган. Ворислик тамойилига кўра, Камилла келажакда тахтга даъвогарлик қила олмайди, шу туфайли, Чарлзнинг ҳамроҳи, консорт-қиролича ҳисобланади. 

73 ёшли Чарлз Британия тарихида тахтга ўтирган энг кекса инсондир. Бунгача энг кекса қирол Уилям IV бўлган. 1830 йилда тахтга ўтирганида у 64 ёшда эди ва 71 ёшда вафот этди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид