Полша Украинага танклар етказиб бермоқчи. Бунга нима тўсқинлик қилмоқда?
Украинага немислар ишлаб чиқарган Leopard 2 русумли танкларини етказиб бериш бўйича достон давом этади.
Иттифоқчилар ҳамон Украинага немисларнинг Leopard 2 танкларини етказиб бериш бўйича келиша олмади - ҳолбуки Европада юзлаб шундай танклар бор. Бунга Германия қонунлари ва канцлер Олаф Шолцнинг эҳтиёткорона сиёсати халақит қилмоқда.
Муаммо моҳияти шундаки, Leopard танклари Германияда ишлаб чиқарилади ва улар бир мамлакатдан бошқасига етказиб берилиши учун Германия ҳукумати розилиги талаб этилади. Амалдаги қоидаларга кўра, Берлин ўз танклари бошқа исталган мамлакатга қайта экспорт қилинишига расман рухсат бериши керак.
Германия эса қатор сабабларга кўра, жумладан Иккинчи жаҳон уруши мероси туфайли, яқин вақтларгача можаро ҳудудларига қурол етказиб беришдан тийилган.
Вазият фақат Россиянинг Украинага босқинидан кейин ўзгарди, шунда ҳам бирданига эмас.
2022 йил феврал ойи ўрталарида мамлакатнинг ўша вақтдаги мудофаа вазири Кристина Ламбрехт (у яқинда истеъфога чиқди) Украина ҳарбийлари учун беш минг дона каска етказиб беришни ваъда қилиб, бу борадаги илк қадамни ташлаганди, ўшанда унинг бу қарори Киевга жиддийроқ ёрдам бериш тарафдорларининг кулгисига сабаб бўлганди.
Уруш бошланганидан бир неча ой ўтиб Германия Украинага зирҳли транспортёрлар ва бугунги урушда ўта муҳим бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, хусусан IRIS-T ва Patriot зенит-ракета қурилмаларини етказиб бера бошлади.
Аммо ҳамон урушда юриш қилиш учун муҳим восита бўлган танкларни етказиб бериш муаммо бўлиб қолмоқда.
Яна келишувга эришилмади
Жума куни Украина иттифоқчилари бўлган 54 мамлакат (Украинага ёрдам бериш масаласи мувофиқлаштириладиган «Рамштайн» форматидаги контакт гуруҳи аъзолари) мудофаа вазирлари навбатдаги йиғилишда Киевга катта миқдорда зирҳли техникалар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда ўқ-дорилар етказиб бериш бўйича келишиб олишди.
Володимир Зеленский НАТО бўйича ҳамкорларга ҳарбий ёрдам учун миннатдорчилик билдирди, аммо Киев ҳали замонавий танклар етказиб берилиши учун ҳам курашиши даркорлигини қўшимча қилди.
«Танклар етказиб бериш бўйича қарор қабул қилинишидан бошқа муқобил йўқлиги кундан кунга аён бўлиб бормоқда», деди у.
Аммо Leopard етказиб бериш масаласида ўзгариш бўлмади.
Эстония, Латвия ва Литва ташқи ишлар вазирининг Германиядан «Украина учун зудлик билан Leopard 2 танклари етказиб бериш» бўйича биргаликдаги баёноти ҳам, Украина президенти Володимир Зеленский Германия жамоат телевидениеси эфирида чиқиш қилиб, илк бор Германияга танк сўраб тўғридан тўғри мурожаат қилиши ҳам наф бермади.
Рамштейндаги учрашув якунларига кўра Украина мудофаа вазири Алексей Резников шундай деди: «Биз [Германия мудофаа вазири билан] Leopard 2 масаласида очиқчасига гаплашиб олдик. Бу мулоқот давом этади».
Ўтган ҳафтада лавозимга тайинланган Германиянинг янги мудофаа вазири Борис Писториуснинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати ҳозирча Leopard танклари етказиб бериш масаласида қарор қабул қилмаган.
«Бугун биз бундай қарор қачон ва қандай шаклда қабул қилиниши мумкинлигини айтишга тайёр эмасмиз», - деган Писториус «Рамштайн» иштирокчилари мудофаа вазирлари учрашуви якунида.
Шу билан бирга, Писториус Германия бундай танклар етказиб берилишига қасддан тўсқинлик қилмоқчи эмаслигини ҳам қўшимча қилган.
Берлин қарши эмасми?
Якшанба куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам Берлин Leopard 2 танклари Полшадан Украинага юборилишига қаршилик кўрсатмаслигини айтди.
«Айни вақтда бу савол берилмаган, аммо агар биздан сўрашса, биз тўсқинлик қилмаган бўлардик», деди у якшанба куни французларнинг LCI TV телеканали эфирида.
Ўтган дам олиш кунларида Полша бош вазири Матеуш Моравецкий Полша НАТОнинг Leopard 2 танкларига эга бўлган ва уларни Берлиннинг рухсатисиз ҳам Киевга беришга тайёр бўлган мамлакатлардан иборат коалиция тузмоқчи эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, Варшава Украинага 14 та танк бермоқчи.
«Агар биз охир-оқибат бу розиликни олмасак ҳам, кичик коалиция доирасида барибир ўз танкларимизни бошқаларники билан бирга Украинага берамиз», деган Моравецкий.
Душанба куни Полша Украинага Leopard 2 танкларини юбориш масаласида Германияга расман сўров юборди.
Аммо Варшава Берлин ва НАТО бўйича бошқа иттифоқчилар ҳам ўз танкларини юборишига эришмоқчи, чунки полшаликларнинг 14 та танки жанг майдонидаги вазиятни сезиларли даражада ўзгартира олмаслиги аниқ.
Полша президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Марчин Пшидач эса Бербокнинг баёнотини олқишлаган, аммо Германиянинг позицияси ҳақида канцлер Олаф Шолцнинг сўзларини ҳам эшитишни маъқул кўришини билдирган.
Берлиннинг позицияси
Шолц эса анъанавий равишда Германиянинг ҳарбий можаролардаги иштирокига скептик ёндашади. Берлин Москва янги эскалация қўзғашидан хавфсирайди, лекин кўплаб экспертлар вазият бунчалик эмаслигини айтишади.
Немис танклари Украина заминида пайдо бўлиши ғояси Германиянинг ўзида ҳам кўпчиликка маъқул эмас, бу Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ёқимсиз ассоциациялар уйғотади.
Тўғри, Россиянинг Украинага босқини Германия раҳбариятининг мудофаа сиёсати ҳақидаги кўплаб тасаввурларни тезда ўзгартириб юборди: уруш бошлангач Шолц немис ҳукумати ЯИМнинг 2 фоизини бундесвер учун инвестиция қилишига ваъда берди (бу НАТОнинг барча мамлакатлари учун қўйилган талаб, лекин Берлин аввал буни ортиқча деб ҳисоблаган).
Май ойида немис парламенти армия модернизацияси учун 100 млрд евролик фонд ташкил этиш бўйича келишувга эришди.
Танклар борми?
Ўтган дам олиш кунларида ГФР канцлери Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашди: Франция олдинроқ Украинага енгил танклар юбориш мажбуриятини олган ва Макрон Украина қуролли кучлари учун французлар томонидан ишлаб чиқарилган Leclerc русумли оғир танклар ҳам етказиб берилиши мумкинлигига ишора қилди.
Ўтган ҳафтада эса Германия Украинага Leopard танклари етказиб беришга тайёрлиги, аммо бунинг учун АҚШ ҳам ўзининг M1 Abrams русумли танкларини Киевга беришга рози бўлиши талаб этилиши ҳақида хабар чиқди. Аммо АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин жума куни «Рамштайн» учрашувидан кейинги чиқишида бу хабарлар тўғри эмаслиги ва Берлин ҳам АҚШ биринчи бўлиб қадам ташлашини кутмаётганини айтди.
Шанба куни Spiegel нашри Германия ҳукуматидаги манбасига асосланган ҳолда, мамлакат мудофаа вазирлиги бир неча ой олдин ўз ихтиёридаги турли моделга мансуб барча Leopard танклари рўйхатини тузгани ҳақида хабар берди.
Бу рўйхатда Украинага етказиб берилиши мумкин бўлган танклар ҳам ҳисобга олинган.
Нашр маълумотига кўра, бундесвер ихтиёрида турли моделдаги 212 дона хизматга яроқли Leopard танклари мавжуд. 2022 йил ёзидаги ҳолатга кўра, яна юзга яқин танк таъмирлаш жараёнида бўлган.
Аммо агар канцлер Leopard танкларини юбориш учун яшил чироқ ёқса ҳам, бу танкларнинг ишлаб чиқарувчиси бўлган Rheinmetall концернининг огоҳлантиришича, таъмирлаш ва ҳарбийларни танкларни бошқаришга ўқитиш бўйича талаблар бир неча ойга чўзилади.
Ғалаба гаровими?
Leopard 2 танклари россияликларнинг Т-90 танкларига қарши курашиш учун махсус ишлаб чиқарилган, Москва Украинага қарши урушда айнан шундай танклардан фаол фойдаланмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, бутун дунёда турли модификациядаги 2 мингдан ошиқ Leopard танклари бор ва Украина президенти Володимир Зеленский шундай танклардан 300 донаси Россиянинг мағлубиятини таъминлашга ёрдам беришини айтган.
BBC нашрининг қуроллар бўйича таҳлилчиси Крис Партрижнинг қайд этишича, Германияда ишлаб чиқарилган Leopard танкларининг қарийб учдан икки қисми Европада ва шу туфайли Киев айнан шундай танкларни сўрамоқда. Чунки уларни Украинага етказиш осон бўлади, қолаверса, бу техникаларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлашни ҳам осонлаштиради - бу эса ҳар қандай қурол тизимлари учун ўта муҳим жиҳатлардир.
Кўплаб экспертлар фикрича, Ғарбнинг жанговар танклари етарли миқдорда етказиб берилиши Украинанинг ғалабаси учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади - қолаверса, танклар Россия кучларининг баҳорда бошлаши мўлжалланаётган кенг кўламли юришини тўхтатиш учун ҳам муҳимдир.
Аммо бугунги кунда Украина армияси учун фақат Буюк Британия замонавий танклар етказиб бериш масаласини тўлиқ ҳал қилган, инглизлар Украинага Challenger 2 русумли 14 дона танк етказиб беради. Бошқа мамлакатлар эса зирҳли транспортёрлар, шунингдек ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа артиллерия қуроллари етказиб бермоқда ёки етказиб беришни ваъда қилмоқда. Шу билан бир вақтда украиналик ҳарбийлар кундан кунга замонавий ҳарбий машиналарга катта эҳтиёж сезмоқда.
Писториус шу кунларда агар иттифоқчилар консенсусга эришса, Берлин тезлик билан ҳаракат қилишга тайёрлигини айтди. Энди масала қачон келишувга эришиш мумкинлигида қолмоқда.
Мавзуга оид
18:58 / 14.11.2024
Германия Ўзбекистонга «яшил» иқтисодиёт учун яна 3 млн евро грант ажратади
17:24 / 14.11.2024
The Times: Киев бир неча ой ичида оддий атом бомбасини яратиши мумкин
16:08 / 14.11.2024
Блинкен: АҚШ Трамп келишидан олдин Украинага ёрдамни кучайтиради
14:00 / 14.11.2024