Жаҳон | 12:47 / 27.01.2023
10475
3 дақиқада ўқилади

Германия Бербокнинг «Россия билан уруш» ҳақидаги сўзларига изоҳ берди

«Биз бир-биримизга эмас, Россияга қарши уруш олиб бормоқдамиз», деб маълум қилди Германия ташқи ишлар вазири ЕКПАдаги нутқида. Кейинчалик вазирлик Анналена Бербок нимани назарда тутганини тушунтирди.

Фото: Jean-Francois Badias/AP/dpa/picture alliance

Германия ТИВ ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг 24 январь куни Европа кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА) йиғилишидаги: «Биз бир-биримизга эмас, Россияга қарши уруш олиб бормоқдамиз», деган резонансли баёнотига изоҳ берди. 26 январь, пайшанба куни Германиянинг Bild газетаси: «Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг бу гапи жаҳон оммавий ахборот воситаларида бир зумда тарқалиб, ҳайрат ва танқидга сабаб бўлди», деб ёзди. Нашр Германия ҳукуматининг позицияси Бербокнинг сўзларига қарама-қарши эканини билдирди: канцлер Олаф Шольц Германия уруш иштирокчисига айланмаслиги кераклигини бир неча бор айтган. Нашр сўровига жавобан Германия Ташқи ишлар вазирлиги Анналена Бербокнинг иборасига аниқлик киритди.

«Россия Украинага қарши шафқатсиз уруш олиб бормоқда. Бу Европа дунё тартиби ва халқаро ҳуқуққа қарши ҳам урушдир. 24 январь куни Европа кенгаши парламент ассамблеяси аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда ташқи ишлар вазири Бербок Европа биргаликда бу урушга қарши туриши кераклигини таъкидлади», дейилади вазирлик жавобида.

«Халқаро ҳуқуқ бир маъноли, - деб таъкидланади изоҳда. - Украинанинг Россия тажовузкор урушига қарши БМТ Низомида мустаҳкамланган ўзини ўзи ҳимоя қилиш шахсий ҳуқуқини амалга оширишда қўллаб-қувватлаш Германияни можаро иштирокчисига айлантирмайди». «Эҳтимол, Ташқи ишлар вазирлигининг расмий жавобидаги сўнгги ибора Анналена Бербок ўз баёнотида бироз қизишиб кетганидан далолат беради», деб таъкидлади Bild газетаси.

25 январь куни Германия канцлери Олаф Шольц Украинага Leopard 2 танкларини етказиб беришни маъқуллади ва бу қарор Германия иттифоқчилари билан «келишув ва яқин ҳамкорликда» қабул қилинганини таъкидлади. Канцлер, унинг сўзларига кўра, «Украинадаги урушнинг Россия ва НАТО ўртасидаги урушга айланиб кетишининг олдини олишга имкон берувчи» тамойилга Германия ҳукумати келажакда ҳам амал қилишига ишонтирди.

 

Мавзуга оид