Ўзбекистон | 13:06 / 27.01.2023
38777
3 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг депутатлик ваколати муддатидан олдин тўхтатилди 

Тошкент шаҳар кенгаши пойтахт собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг депутатлик ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг шаҳар кенгаши депутатлиги ваколати муддатидан олдин тўхтатилди. Тегишли қарор 27 январь куни шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинган. Бу ҳақда икки мустақил манба, жумладан, йиғилишда қатнашган депутатлардан бири «Газета.уз»га маълум қилди.

Қонунчиликка кўра, сенатор ва кенгаш депутати ваколат муддати давомида дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2020 йил январь ойида ЎзЛиДеП партиясидан 48-сайлов округидан кенгаш депутати, сўнгра беш йиллик муддатга сенатор этиб сайланган эди. Унинг ваколат муддати 2025 йилнинг январигача ҳисобланган.

Қонунга мувофиқ, депутатнинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан аввал тугатилади:

  • ваколатларини тугатиш тўғрисидаги ёзма ариза;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ депутатлик ваколатларини амалга оширишга тўғри келмайдиган лавозимга сайлаш ёки тайинлаш:
  • суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганлиги;
  • ваколати қайтариб олиниши;
  • суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилиши;
  • суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганлиги;
  • ўлими.

Алоҳида ҳолларда депутатнинг ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори билан муддатидан олдин тугатилиши мумкин. Бундай масалани кўриб чиқиш учун депутатнинг юқори мартабасини обрўсизлантирадиган хатти-ҳаракатлар асос бўлиши мумкин.

Маълум қилинишича, собиқ ҳокимнинг ўзи депутатлик ваколатларини топшириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 январь куни 2018 йил апрелидан буён пойтахт ҳокимлигини бошқариб келган Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан бўшатилишини маълум қилди. «Мен уни ўз лавозимидан олиб ташладим. Бўш гап, ёлғон ҳисобот, пастга тушмагани учун, бу ноинсофнинг оёғи ердан узилгани учун уни ишдан бўшатдим», — деди давлат раҳбари.

Ўша куни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда собиқ ҳоким ва унинг оиласи Uzbekistan Airways'нинг HY 271-рейси билан Туркиянинг Истанбул шаҳрига учиб кетиш учун рўйхатдан ўтгани ҳақида хабар берди. Истанбулга учиб кетган йўловчилар орасида Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўлмаган.

Мавзуга оид