Жаҳон | 08:22 / 27.01.2023
9030
3 дақиқада ўқилади

«Вагнер» трансмиллий жиноий ташкилот сифатида тан олинди

Қўшма Штатлар ХҲК билан боғлиқ бўлган компаниялар ва шахсларга қарши янги санкциялар киритди ҳамда уни халқаро жиноий ташкилот деб эълон қилди.

Фото: Виктор Антонюк / РИА Новости

АҚШ Молия вазирлиги Евгений Пригожиннинг «Вагнер» ХҲК ташкилотини трансмиллий жиноий ташкилот деб тан олди, деб хабар бермоқда идора ўз сайтида 26 январь, пайшанба куни.

Бу қарор «Вагнер» ХҲК томонидан юзага келган трансконтинентал таҳдидни ҳисобга олган ҳолда» қабул қилинди, дейилади Молия вазирлиги баёнотида. Гуруҳ «аёллар, болалар ёки бошқа фуқаролик шахсларига ҳужум учун масъул ва унда иштирок этмоқда», шунингдек, «мактаблар, касалхоналар, диний объектлар ёки фуқаролик шахслари бошпана қидираётган бошқа жойларга ҳужум қилиб, ўғирлаш, зўравонлик ҳаракатлари билан шуғулланяпти», дея маълум қилди идора.

Бу хатти-ҳаракатларнинг барчаси «инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилишидан иборат», деб таъкидлади Молия вазирлиги.

«Вагнер» ХҲКнинг трансмиллий жиноий ташкилот сифатида тан олиниши АҚШ расмийларига унга қарши санкцияларни янада кенгроқ қўллаш имконини беради. Миллий хавфсизлик кенгашининг Оқ уйдаги вакили Жон Кирби ушбу қарорни эълон қилар экан, АҚШ ҳисоб-китобларига кўра, Украинада 50 мингга яқин «Вагнер» ёлланма аскарлари жанг қилаётгани, улардан 40 мингга яқини ёлланган маҳбуслар эканини айтди.

«Бу ва бошқа келгуси ҳаракатлар орқали биз ушбу ХҲКни қўллаб-қувватлашни кўриб чиқаётган компанияларга қуйидагиларни айтмоқчимиз: «Вагнер» - бу кенг тарқалган ваҳшийлик ва инсон ҳуқуқлари бузилишини амалга оширувчи жиноий ташкилот, биз унга ёрдам берадиганларни аниқлаш, бузиш, фош қилиш ҳамда таъқиб қилиш устида тинимсиз ишлаймиз», - деди Кирби.

Шу билан бирга, АҚШ Молия вазирлиги Россия компаниялари ва жисмоний шахсларига қарши янги санкциялар жорий қилди. Чекловлар қаторида Россия бош вазирининг ўринбосари Денис Мантуров, Татаристон президенти Рустам Минниханов, Россия президентининг Давлат кенгаши бўйича бошқармаси раҳбари Александр Харичев, Yota ҳаммуассиси Сергей Адоньев, Россия ҳарбий-саноат мажмуаси ҳамда «Вагнер» ХҲК билан боғлиқ бўлган бир қатор шахслар ва компаниялар бор.

Санкция остидаги шахсларнинг АҚШдаги барча активлари блокланади. Санкциялар, шунингдек, Америка тузилмаларига рўйхатдаги ташкилотлар ва одамлар билан ҳар қандай операцияларни тақиқлайди.

https://www.dw.com/ru/ssa-obavili-cvk-vagner-transnacionalnoj-prestupnoj-organizaciej/a-64527527

Мавзуга оид