Ўзбекистон | 10:44 / 28.01.2023
5887
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда АҚШ университетлари филиалларини очиш жадаллаштирилади

Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов АҚШ элчиси Жонатан Хеник билан учрашди.

Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Учрашувда икки давлат университетлари ўртасида ҳамкорлик, талабалар, докторантлар ва тадқиқотчилар алмашинув дастурлари, инглиз тилини қўллаб-қувватлаш каби лойиҳалар доирасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, инглиз тилини ўқитиш, республика олий таълим муассасаларига маъруза ўқиш, семинарлар ва маҳорат дарсларини ўтказиш мақсадида америкалик мутахассисларни жалб қилиш ҳамда мамлакатда АҚШ университетлари филиалларини очиш Ўзбекистон томони учун манфаатли эканлиги қайд этилди.

Томонлар қўшма таълим дастурларини (Double-degree Program) яратиш, америкалик мутахассисларни республика олий таълим муассасаларига жалб қилган ҳолда қисқа ва узоқ муддатли маърузалар, маҳорат дарсларини ташкил этиш орқали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

АҚШ дипмиссияси раҳбари Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари (ACIE) томонидан Марказий Осиё университетлари ҳамкорлиги дастури (UniCEN), Ўқитувчилар малакасини ошириш дастури (FEP) ҳамда Инглиз тили стипендияси дастури (EL Fellow) республика олий таълим муассасалари иштирокида амалга оширилаётганини ҳамда келгусида ушбу дастурлар ҳамкорлик алоқаларини ривожланишига яна бир туртки бўлишини таъкидлаб ўтди.

Учрашувда жорий йилнинг октябрь ойида мамлакатда Ўзбекистон ва АҚШ олий таълим муассасалари иштирокида форум ёки конференция ўтказиш таклифи илгари сурилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид