Жаҳон | 18:31 / 30.01.2023
21838
2 дақиқада ўқилади

Покистонда масжидда рўй берган портлаш оқибатида қарийб 60 киши ҳалок бўлди

Ҳукумат масжид ҳудудида худкуш террорчи ўзини портлатганини айтмоқда.

Фото: Fayaz Aziz / Reuters / Scanpix / LETA

Покистоннинг Пешавор шаҳридаги масжидда портлаш рўй бериши оқибатида камида 59 киши ҳалок бўлди ва 150 дан ортиқ киши яраланди. Портлаш намоз вақтида содир бўлган, бинонинг бир қисми қулаган ва намозхонларнинг кўпчилиги харобалар остида қолиб кетган.

Портлаш сабаби аниқлаштирилмоқда, аммо чоршанба куни намозхонлар орасида полициячилар кўп бўлганидан келиб чиқиб, расмийлар бу қасддан содир этилган акция эканини тусмол қилмоқда.

Махсус хизматлар вакилига кўра, намозхонларнинг биринчи қаторида турган террорчи ўзини портлатиб юборган. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ушбу портлаш учун жавобгарликни зиммасига олмади.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф портлаш ташкилотчиларини қоралади ва улар ислом динига алоқадор эмаслигини таъкидлади. «Бутун халқ терроризм таҳдидига қарши курашда ягона фронтда», деган у.

Портлаш кундузги ибодат чоғида содир этилган, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳодиса оқибатида масжид девори қулаб тушгани ва омон қолганларни харобалар остидан чиқариб олишга тўғри келгани акс этган.

Ҳозирда воқеа жойида махсус хизматлар омон қолганлар ва вафот этганларни қидириш ишларини олиб боришмоқда.

Воқеа жойи армия ва полиция кучлари томонидан ўраб олинган, ҳудудда сапёрлар ҳам иш олиб бормоқда.

«Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз - харобалар остида қолиб кетган одамларни қутқариш», деган Пешавор полицияси комиссари ўринбосари Шафиулла Хон.

Пешавордаги леди Рединг номидаги шифохонада фавқулодда ҳолат эълон қилинган - бу жойга ярадорларни олиб келиш давом этмоқда, олиб келинаётганларнинг кўпчилиги оғир аҳволда, шифокорлар донорлардан қон топширишни сўрамоқда.

Ўтган йил мартида Пешаворда шиалар масжидида портлаш рўй бериши оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлганди. 

Исломободда полиция террорчилик таҳдидининг юқори даражаси ҳақида эълон қилган, пойтахтга кириш ва пойтахтдан чиқишда ўрнатилган барча блокпостларда текширув кучайтирилган.

Мавзуга оид