Ўзбекистон | 08:57 / 30.01.2023
7952
2 дақиқада ўқилади

ЮНEСКОда Ўзбекистон маданий мероси тақдим этилди

ЮНEСКО бош қароргоҳида Oriental Fashion Show 2023 тадбири иштирокчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Dunyo

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ва ЮНEСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан Route De La Soie Et Al-Andalus уюшмаси билан ҳамкорликда мамлакат бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеоролик тақдим этилди. Унда Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, номоддий маданий мерос ноёб элементи бўлган сўзана яратиш технологияси, Париж мода ҳафталиги доирасида ўтказилган Oriental Fashion Show 2023 кўргазмасида 24-25 январь кунлари муваффақиятли намойиш этилган ўзбек дизайнерлари коллекциялари ҳақида ҳикоя қилинган.

Oriental Fashion Show 2023 кўргазмаси ташкилотчиси, Route De La Soie Et Al-Andalus уюшмаси президенти Ҳинд Жоудар Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб қилган саёҳати чоғида ўзбек маданияти ва анъаналари ранг-баранглиги ва бетакрор гўзаллиги унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади. Oriental Fashion Show кўргазмасини Ўзбекистонга олиб бориш ва Самарқанд марказидаги Регистон майдонида ушбу муҳташам тадбирни ташкил этиш менинг энг эзгу орзумдир», деди Ҳинд Жоудар.

Oriental Fashion Show Шарқ мамлакатлари модаси ва тикувчилик маҳоратига бағишланган дунёдаги биринчи халқаро кўргазмадир. Анжуман ташкилотчилари кўргазма намойишларини Париж, Лондон, Милан, Нью-Йорк, Москва, Санкт-Петербург, Истанбул, Боку, Кувайт, Доҳа, Марокаш, Дубай ва дунёнинг бошқа шаҳарларида мунтазам тарзда уюштириб келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид