Жамият | 19:57 / 31.01.2023
28734
4 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги ходимлари ва уларнинг оила аъзолари бепул соғломлаштирилади 

Текширувларда аниқланган касалликлар бўйича уларнинг саломатлигини тиклаш чоралари кўрилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жорий йил 1 февралидан 1 мартгача Ўзбекистонда «Қишлоқ хўжалиги ходимлари саломатлиги ойлиги» акцияси ўтказилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шундай янги ташаббус билан чиқди.

Бу даврда мамлакатдаги аграр соҳа ходимлари — фермерлар, деҳқон, боғбонлар, кластер ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, аввало, профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда скринингдан ўтказилади.

Текширув натижаларига кўра, аниқланган касалликлар бўйича давлат кўмагида уларнинг саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш чоралари кўрилади.

Бунинг учун дастлаб аграр соҳа ходимлари орасидан тиббий хизматга эҳтиёжи бор контингент ҳамда уларнинг оила аъзолари рўйхати шакллантирилиб, улар ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилади.

Шундан сўнг улар махсус тиббий бригадалар томонидан профилактик ва чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилади. 

Тиббий кўриклар якунида: 

  • ҳаётида илк бор сурункали касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олиниб, индивидуал соғломлаштирилади; 
  • ўткир ва сурункали хасталиклар қайд этилган беморлардан бир гуруҳи бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор шароитда, стационар ёрдамга муҳтож қатлам эса туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади; 
  • юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади. 

Ўз навбатида, олис ва чекка ҳамда чегара ҳудудларда сайёр тиббий бригадалар томонидан кўриклар ўтказилади. 

Аграр соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари орасида ҳомиладорлар, янги фарзандли бўлган аёллар, чақалоқлар, ётиб қолган, кекса, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бор шахслар бўлса, ушбу қатлам оила шифокори ва оила ҳамширалари томонидан патронаж қилиниб, зарур ҳолларда тор соҳа мутахассислари иштирокида хонадонларнинг ўзида кўриклар амалга оширилади.

Шунингдек, тиббий текширув натижалари бўйича меҳнатга қобилиятини турғун йўқотган, организм функцияси бузилиши ва ҳаёт фаолияти чегараланиши аниқланган қатламга ногиронликни белгилаш учун тегишли органга йўлланмалар берилади. 

«Қишлоқ хўжалиги ходимлари саломатлиги ойлиги» қандай текширувларни қамраб олади?

Акция даврида текширувдан ўтказилиб, касалликлар аниқланган қатлам давлат кўмагида саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.

Тиббий текширувлар давомида:

  • 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳоли — оила шифокори профилактик кўригидан;
  • 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли — юқумли бўлмаган касалликлар скринингидан;
  • 35-55 ёшли аёллар — бачадон бўйни саратони текширувидан;
  • 45-65 ёшли аёллар — кўкрак бези саратони скринингидан;
  • 15-49 ёшли хотин-қизлар — профилактик кўрик, ҳомиладорликка монелик аниқлаш кўригидан;
  • сил касаллиги бўйича хавф гуруҳига мансуб қатлам  — флюорографик текширувдан;
  • сурункали касаллиги бор беморлар — оилавий шифокор ва тегишли тор соҳа мутахассислари томонидан диспансер кўригидан;
  • 1-18 ёшли болалар — чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан; 
  • 2-10 ёшли болалар — гельминтозга текширувдан;
  • 3-18 ёшли болалар — онкогематологик касалликлар скринингидан ўтказилади. 

Ушбу тиббий кўрик ва скрининг текширувлари бепул амалга оширилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид