Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бельгияда немисларни хавотирга солган атом реактори ўчирилди
Бельгия атом энергиясидан босқичма-босқич воз кечиш доирасида "Тианж" атом электр станциясининг иккинчи реакторини тўхтатди. Бир неча йил олдин реактор корпусида ёриқлар аниқланган, бу эса 60 км узоқликда жойлашган Ахен аҳолисини хавотирга солган эди.
Бельгияда 1 февраль, чоршанбага ўтар кечаси Льеж провинциясидаги "Тианж" атом электр станциясининг 40 йиллик фаолиятидан сўнг иккинчи реактори ўчирилди. "Тианж" атом электр станцияси Германиянинг Ахен шаҳридан тахминан 60 км узоқликда жойлашган.
Германиянинг атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш, ядровий хавфсизлик ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазири Штеффи Лемке қўшни давлат қарорини олқишлади. Лемке таъкидлаганидек, "Тианж-2" реакторининг тўхтатилиши "икки давлат аҳолиси учун хавфсизликни сезиларли даражада оширишни кафолатлайди".
Бир неча йил аввал электр станциянинг иккинчи реактори корпусида ўнлаб ёриқлар ва минглаб нуқсонлар аниқланган эди. Бельгия ҳукумати "Тианж-2"нинг ишлаши хавф туғдирмаслигига ишонтирди. Бироқ, ёриқлар ҳақидаги маълумотларнинг эълон қилиниши нафақат бельгияликлар, балки қўшни Нидерландия ва Германияда ҳам реакторни тўхтатиш талаби билан норозилик ва суд жараёнлари тўлқинига сабаб бўлди. Маҳаллий ҳокимият органлари Ахен аҳолисига радиациявий авария ҳолати учун йодга бой препаратлар тарқатди.
2022 йил сентябр ойи охирида Бельгиянинг Антверпен яқинидаги "Дул" атом электр станциясининг худди шундай конструкциядаги реакторларидан бири ўчирилган эди.
"Дул" ва "Тианж" атом электр станцияларидаги реакторларнинг тўхтатилиши Бельгиянинг атом энергетикасини босқичма-босқич тўхтатиш дастурининг бир қисмидир. 2003 йилда тегишли қонун қабул қилинди, унга кўра мамлакат 2025 йилгача барча атом электр станцияларини тўлиқ ёпиши керак эди. Бироқ ўтган йилнинг март ойида Украинадаги уруш ва ундан келиб чиққан энергетика инқирози фонида қироллик ҳукумати ушбу режани тўлиқ амалга оширишни 10 йилга кечиктиришга қарор қилди.
"Биз ноаниқ пайтларда аниқликни танлаймиз. Иккита реакторнинг ("Дул-4" ва "Тианж-3") ишлаш муддатини ўн йилга узайтириш мумкин, деб қарор қилдик", деганди ўшанда Бельгия бош вазири Александер Де Кроо. Шу билан бирга, у мамлакатнинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлаш учун қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш жараёнини тезлаштиришга ваъда берган.
Мавзуга оид
09:10 / 07.06.2026
АЭС нархи очиқланди, йирик пудрат схемаси фош бўлди — ҳафта дайжести
16:12 / 05.06.2026
АЭСда ишлаб чиқарилган 1 kWh электр нархи 1000 сўмдан паст бўлади — Азим Аҳмадхўжаев
10:59 / 05.06.2026
Ўзбекистонда қуриладиган АЭС қиймати 9,5 миллиард доллардан ошмайди — "Ўзатом" директори
08:41 / 05.06.2026