12:01 / 01.02.2023
8070

Ўзбекистондан Афғонистонга темирйўл қатнови вақтинча тўхтатилди

1 февралдан бошлаб Афғонистонга темирйўл қатнови вақтинча тўхтатилиши маълум қилинди. 

Фото: Ўзбекистон темирйўллари

2022 йил 26-30 декабрь кунлари Термиз шаҳрида ўтказилган музокаралар давомида 2023 йил 1 февралига қадар Афғонистон ҳудудидаги техник ишларни босқичма-босқич «Афғон темирйўллари» ишчилари томонидан амалга оширилиши бўйича «Ҳаракатлар режаси» келишилган эди.

«Ўзбекистон темирйўллари» хабарига кўра, учрашув давомида So‘g‘diyona Trans ШК ва афғон темирйўл бошқармаси ўртасида томонлар бажарадиган ишлар рўйхати икки томонлама келишилиб, жорий йил 27 январига қадар янги шартнома имзоланишига келишилган ҳамда тегишли баённома имзоланган.

Афғонистон темирйўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётгани сабабли, 1 февралдан бошлаб Афғонистонга темирйўл қатнови вақтинча тўхтатилиши маълум қилинган.

Ғалаба-Ҳайратон темирйўли очилиши ҳақидаги маълумотлар тўлдирилади.

Афғонистондаги Ҳайратон – Мозори Шариф темирйўли 2010 йилда қурилиб, 2011 йилдан бошлаб Ҳайратон – Мозори Шариф темирйўлининг барча хизматлари So‘g‘diyona Trans ШК томонидан амалга оширилмоқда.

 

Top