Иқтисодиёт | 12:38 / 03.02.2023
31321
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида саноатнинг улуши 26,7 фоизгача ошди

2017-2022 йилларда саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 21,1 фоиздан 26,7 фоизгача кўпайди. Бу даврда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги ўсиш 41,3 фоизни ташкил қилди.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистонда саноат соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг энг муҳим натижалари ўрганилди.

Қайд этилишича, 2017-2022 йилларда саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 21,1 фоиздан 26,7 фоизга ошган. Бу даврда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги ўсиш 41,3 фоизни ташкил қилган. Ўз навбатида, бундай барқарор ўсиш ЯИМда саноатнинг улуши ортишига олиб келган.

Ишлаб чиқарадиган саноат тармоғи жадал суръатлар билан ривожланиб, ўсиш суръати ўтган давр мобайнида 47,4 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, электр, иссиқлик ва газ таъминоти тармоғи (39,2 фоиз), шунингдек, тоғ-кон саноатида (30,4 фоиз) сезиларли ўсиш суръатлари кузатилган.

“Ўзбекистон саноатининг 83,2 фоизини ишлаб чиқарадиган саноат тармоғи ташкил этади. Бу юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хомашёни қайта ишлаш даражасини ошириш, замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган тармоқларни ривожлантириш комплекс дастурлари ҳаётга татбиқ этилаётгани натижасидир.

Ўрта ва юқори технологияли тармоқлар улушининг 52,7 фоиздан 61,7 фоизга ошгани ҳам саноат таркибидаги сифат ўзгаришларидан далолат беради. Бу ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами ошгани далилидир.

Масалан, портландцемент ишлаб чиқариш шу даврда 1,3 баробар, қўрғошинли аккумуляторлар –1,4 баробар, автомобиль двигателлари – 2,5 баробар, енгил автомобиллар – 2,3 баробар, совиткич ва музлаткичлар – 3,7 баробар ошди”, дейилади ПМТИ таҳлилида.

Мавзуга оид