Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон давлат қарзи 26,2 млрд долларни ташкил этмоқда. Дастлабки III чорак давомида глобал инфляция сабаб жаҳонда фоиз ставкалари ошиб кетгани Ўзбекистон ҳукуматининг аввалги йиллардаги каби фаол қарз олишини чеклаб қўйди. Шундай бўлса-да, охирги чоракда бюджет тақчиллигини қоплаш учун катта миқдорда қарз маблағлари жалб қилиниб, йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 29,2 млрд долларгача ошган бўлиши мумкин.
Молия вазирлиги 2022 йилнинг III чорак якунлари бўйича ташқи қарз ҳолати ва динамикаси ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, давлат қарзи 2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 26,2 млрд долларни (шундан давлат ташқи қарзи – 23,16 млрд доллар, давлат ички қарзи – 3,07 млрд доллар) ташкил этган.
Хусусан, давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2021 йил бошида 39 фоизни (2021 йил якунида – 38 фоиз) ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 34,1 фоизгача пасайган.

Маълумот учун, Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатлар иқтисодиётига бағишланган ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи бугунги кунда «мўътадил» даражада ҳисобланади.
«2022 йилнинг бошидан буён давлат ташқи қарзи қолдиғи (АҚШ доллари экв.) 1,7 фоизга камайди. Бунда, давлат бюджети тақчиллигининг молиялаштирилиши ва инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида қарз маблағларининг ўзлаштирилиши билан бирга 823 млн АҚШ доллари миқдоридаги давлат ташқи қарзи сўндирилди», - дейилади ҳисоботда.
Жорий йил учун давлат номидан ва давлат кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд доллар миқдорида белгиланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг соф ҳажмига ҳам чеклов ўрнатилган. Хусусан, ўтган 9 ой давомида янги имзоланган давлат ташқи қарз битимларининг ҳажми 2,1 млрд долларни ҳамда давлат бюджетини молиялаштириш учун чиқарилган давлат қимматли қоғозларининг соф ҳажми 6,7 трлн сўмни ташкил этган.
2022 йил III чораги якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 28,4 фоизи ёки 6,6 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 12,6 фоизи ёки 2,9 млрд доллари энергетика саноатига, 11,5 фоизи ёки 2,7 млрд доллари электроэнергетика саноатига, 10,4 фоизи ёки 2,4 млрд доллари транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 10,6 фоизи ёки 2,5 млрд доллари қишлоқ ва сув хўжалигига, 9,5 фоизи ёки 2,2 млрд доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келган.



















