19:47 / 06.02.2023
32421

Ўзбекистонда кучли зилзила кутилмаяпти – ФВВ

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистонда магнитудаси 5 баллга тенг ёки ундан катта бўлган зилзила даракчилари аниқланмаганини маълум қилди.

Фото: ФВВ

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) Туркияда юз берган кучли зилзила фонида ўзбекистонликларни саросимага тушмасликка чақирди.

«6 феврал куни Туркия Республикасида содир бўлган зилзилалар аҳоли ўртасида саросима юзага келишига сабаб бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз ҳудудида сейсмоген ҳолат, бу борадаги амалга оширилаётган ишлар юзасидан аҳолига холис ва ишончли маълумотлар тақдим этишни тақозо қилади. Қайд этиш керакки, Туркия ҳудуди сейсмик фаол зонада жойлашган бўлиб, зилзилалар айнан мазкур сейсмоген зоналарда содир бўлмоқда», дейилади хабарда.

ФВВ Ўзбекистонда махсус эксперт комиссия зилзила содир бўлиш эҳтимолини комплекс-прогностик кузатув натижаларига асосан баҳолашини маълум қилди.

«Республикамизда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Фанлар академияси ҳамкорлигида Сейсмик вазиятни баҳолаш ва келгусидаги сейсмик вазиятни прогноз қилиш бўйича Идоралараро эксперт комиссияси фаолият юритади. Ушбу комиссияси ҳар ҳафтада Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда зилзила содир бўлиш эҳтимолини комплекс-прогностик кузатув натижаларига асосан баҳолайди. Ҳозирги кунда зилзилаларни прогноз қилиш соҳасида сейсмометрик, геофизик, магнитометрик ва гидрогеосейсмологик кузатувлар олиб борилмоқда».

ФВВ Ўзбекистонда 5 баллдан юқори магнитудага эга кучли зилзила даракчилари аниқланмаганини маълум қилди.

«Олинган кузатув маълумотлари натижаларига асосан Идоралараро эксперт комиссиясининг 2023 йил 3 февралдаги 5-сонли баёни хулосасига кўра, Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда магнитудаси М≥5 (5 баллга тенг ёки ундан катта) бўлган зилзила даракчилари аниқланмаган ҳамда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмаслиги маълум қилинади», дейилади хабарда.

Top