Жаҳон | 11:20 / 06.02.2023
9964
3 дақиқада ўқилади

Туркия ва Сурияда зилзила оқибатида камида 300 киши ҳалок бўлди

Ерости силкинишлари бир қанча вилоятлар ва қўшни мамлакатларда сезилган, Туркияда ўнлаб уйлар вайрон бўлган, қурбонлар сони ортиб бормоқда.

Фото: AA

Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимолида юз берган кучли зилзила оқибатида камида 300 киши ҳалок бўлди. Туркиядаги табиий офат қурбонлари сони камида 76 кишини ташкил этди, камида 440 киши жароҳат олди, дея хабар бермоқда Anadolu агентлиги 6 февраль, душанба куни эрталаб Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларни бошқариш бошқармаси (AFAD)га таяниб. Сурияда камида 230 киши ҳалок бўлди, 600 киши жароҳатланди, дея хабар бермоқда Дамашқ давлат телевидениеси Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб.

AFAD маълумотларига кўра, Туркиянинг Сурия билан чегарадош Қаҳрамонмараш вилояти маҳаллий вақт билан эрталаб соат 4лар атрофида 7,4 магнитудали зилзила эпицентрига айланди. Кўп ўтмай Газиантеп вилоятида 6,6 магнитудали яна бир зилзила қайд этилди. Сўнгра ярим соат давомида турли минтақаларда, жумладан, пойтахт Анқара, Адана, Невшеҳир, Газиантеп, Кайсери, Мерсин, Ҳатайда ерости силкинишлари сезилди. Al Arabiya телеканали маълумотларига кўра, зилзила Ироқ ва Ливаннинг айрим ҳудудлари аҳолиси томонидан ҳам сезилган. Бундан ташқари, Исроилда силкинишлар сезиларли бўлган. 

Рўй берган ҳодиса оқибатида турли шаҳарлардаги ўнлаб бинолар вайрон бўлди. Диёрбакир шаҳрида зилзила натижасида 17 та бино вайрон бўлган, дея хабар берди маҳаллий ҳокимият. Усмоний вилоятида 34 та бино қулаган, беш киши ҳалок бўлгани маълум, деди вилоят губернатори. Яна бир минтақада – Шанлиурфа вилоятида маҳаллий вақт билан эрталаб соат 6:00 ҳолатига кўра, 10 киши ҳалок бўлгани маълум, деб ёзади AP агентлиги. 

«Дастлабки маълумотларга кўра, 16 та бино қулаган. 10 фуқаро ҳалок бўлган. Фуқароларни қутқарувчилар ўтиши учун йўлларни тозалашда ёрдам беришга чақирамиз», — деди вилоят губернатори. Вайронагарчиликнинг тўлиқ ҳажми ҳозирча номаълум. 

Мамлакат расмийлари хавф ҳақида огоҳлантиришнинг энг юқори даражасини эълон қилди. «Мамлакатда огоҳлантиришнинг энг юқори даражаси - тўртинчи даража эълон қилинди. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан биргаликда ҳудудларга қутқарувчилар юбордик», деди ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлу ва биринчи зилзиладан кейин магнитудаси 6 дан юқори бўлган яна олтита катта зилзила содир бўлганини қўшимча қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид