Фан олимпиада ғолибларига 4 млрд сўм – ўқиб бойиб кетиш мумкинми?
Ўзбекистонлик ўқувчилар орасида халқаро фан олимпиадаларида қатнашиб, ғолиб бўлиб қайтаётганлар йилдан йилга кўпаймоқда. Ғолибларга 150, уларни тайёрлаган ўқитувчига 135 миллион сўмгача пул мукофотлари ажратилган. Kun.uz фан олимпиадаларида ғолибларга бериладиган соврин ва имтиёзларни бир жойга жамлади.

Фото: KUN.UZ
Халқаро миқёсдаги фан олимпиадалари асосан аниқ ва табиий фанлар йўналишида ўтказилади. Шундай олимпиада ғолибларига каттароқ совринлар берилиши бошланганидан бери, Ўзбекистондан ҳам халқаро олимпиадачилар сони ошган. Мактабгача ва мактаб таълими берган маълумотга кўра, нуфузли халқаро олимпиадаларда совриндор бўлган ўқувчилар ва уларнинг устозлари учун 2019 йилдан буён 4,1 млрд сўмлик пул мукофотлари ажратилган. Ўтган йилнинг ўзида 39 нафар ўқувчи минтақавий ва халқаро миқёсдаги олимпиадаларда ғолиб бўлиб қайтишган.
37 та медал
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига кўра, ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари 2017 йилдан бери IMO, ICHO, IBO, IPHO, IOI каби халқаро мусобақаларда иштирок этиб келишади. Шу вақт давомида ўқувчилар 4 та олтин, 13 та кумуш ва 20 та бронза – жами 37 та медални қўлга киритишган. 2017 йилда минтақавий халқаро олимпиадаларда жами 37 нафар ўқувчи иштирок этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 308 нафарга етган.
2022 йилдан бошлаб ўқувчиларни нуфузли халқаро олимпиадаларга тайёрлаш ва уларга зарур билим ва кўникмаларни ўргатиш мақсадида алоҳида тайёрлов дастури амалиётга жорий этилган.
Ўша йили иштирокчи ўқувчиларни халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаш учун илк марта пойтахтдаги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси танланган. Бу тайёрловда 17 нафар ўқувчилардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ва келгуси йиллар учун резервга киритилган, саралаш олимпиадаларида юқори натижаларни қайд этган 50 нафар 9-10-синф ўқувчилари қатнашган.
Уларга математика, кимё, биология ва физика фанларидан АҚШ, Жанубий Корея, Россия давлатлари терма жамоаларини халқаро олимпиадаларга тайёрлашда бевосита иштирок этиб келаётган 6 нафар хорижий тренер-ўқитувчилар ва турли йилларда халқаро олимпиадаларда медалларни қўлга киритган ўзбекистонликлар билим беришган.
Ғолиблар учун мукофот ва имтиёзлар
Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, халқаро олимпиадаларда юқори ўринларни эгаллаган ўқувчиларга қуйидаги имтиёзлар берилади:
– Халқаро математика олимпиадаси, Халқаро физика олимпиадаси, Халқаро кимё олимпиадаси, Халқаро биология олимпиадаси ғолиблари давлат олий таълим муассасаларига тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинади;
– асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1 — 3 ўринларни эгаллаган иштирокчилар ўз ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат билан тақдирланади”.
Бундан ташқари, ғолиб ўқувчи ва уларнинг ўқитувчиларига пул мукофотлари ҳам берилади;
– олтин медал билан тақдирланган ўқувчилар —БҲМнинг 500 баравари (150 млн) ва уларнинг ўқитувчилари —БҲМнинг 450 баравари (135 млн);
– кумуш медал билан тақдирланган ўқувчилар —БҲМнинг 300 баравари (90 млн) ва уларнинг ўқитувчилари —БҲМнинг 250 баравари (75 млн);
– бронза медал билан тақдирланган ўқувчилар —БМҲнинг 200 (60 млн) баравари ва уларнинг ўқитувчилари БҲМнинг 150 баравари (45 млн) билан тақдирланади.
Халқаро ғолиблар ўқитувчилари учун алоҳида имконият
Халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига ҳам директор жамғармасидан медалига қараб 200, 175 ва 150 фоизлик устама тўлаш амалиёти жорий этилган.
Шунингдек, таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўлаб келинмоқда.
Вилоят миқёсида тақдирланиш
Вазирлик берган маълумотга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб асосий фан олимпиадасининг вилоят босқичи ғолибларини пул мукофотлари билан тақдирлаш ҳам йўлга қўйилган. Ўтган йили ғолибларга 2,4 млрд сўм ажратилган бўлса, 2022/2023 ўқув йилида қарийб 3 млрд сўм йўналтирилган.
Республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг устозини рағбатлантириш учун 2,9 млрд сўм ажратилган. Шу ўринда нафақат ўқувчи ва ўқитувчилар, балки ҳакамларга ҳам пул ажратилаётгани муҳим. Бунақа амалиёт Ўзбекистонда илгари кузатилмаган.
Ғолибларнинг ўқитувчилари учун ҳам турли миқдордаги бир марталик пул мукофотлари:
– 1-ўрин учун — БҲМнинг 50 баравари (15 млн);
– 2-ўрин учун — БҲМнинг 35 баравари (10,5 млн);
– 3-ўрин учун — БҲМнинг 30 баравари (9 млн) берилган.
Мавзуга оид

16:14 / 15.08.2024
Халқаро олимпиадада ўзбекистонлик ўқувчилар олтин медални қўлга киритди

11:45 / 16.02.2023
Президент соврини учун энг яхши стартап танлови ўтказилади

14:09 / 22.12.2022
Халқаро олимпиададан бронза олиб келган сурдлимпиачилар ҳукуматдан тақдирланишни сўраяпти

16:23 / 12.11.2021