08:42 / 07.02.2023
9901

Киев Мюнхен конференциясида қирувчи самолётларни сўрайди

Яқинлашиб келаётган Мюнхен хавфсизлик конференциясида Украина ўз ҳамкорларини қирувчи самолётлар ва узоқ масофали ракеталар етказиб бериш зарурлигига ишонтириб кўради, деди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба. 

Фото: Reuters

«Бу йил биз Мюнхен Хавфсизлик конференциясида Украина учун устувор мавзуларни илгари сурамиз. Асосийси - узоқ масофага учувчи ракеталар ва қирувчи самолётларни етказиб беришни йўлга қўйиш, чунки самолётлар тақиқдан чиқарилиши керак бўлган қуролнинг охирги туридир. Бошқа барча қурол турларини ўтган йили жамоавий саъй-ҳаракатлар билан йўлга қўйганмиз. Шунингдек, Украинанинг НАТОга аъзолиги ва умуман Россиянинг келажаги ҳақида гаплашамиз», деди Кулеба.

Унинг сўзларига кўра, Киев учун қайси қирувчи самолётлар биринчи бўлиб етказилиши муҳим эмас. 

«Позицияни очиш, тақиқни олиб ташлаш ва самолётларнинг биринчи эскадрильясини олиш жуда муҳим. Кейин бозор ва хизмат кўрсатишда мавжудлигини ҳисобга олиб, қайси моделга асосий эътиборни қаратиш ҳақида қарор қабул қиламиз», деб тушунтирди вазир. 

Дмитрий Кулеба ғарб давлатларининг шубҳаларини «психологик тўсиқлар» деб атади.

Бу йил Мюнхен халқаро хавфсизлик конференциясига Россия ҳукумати вакиллари таклиф қилинмаяпти, деб маълумот берди конференция раиси Кристоф Хойсген 1 февраль куни MDR телеканалига берган интервьюсида. 

У буни Россия президенти Владимир Путиннинг тарғиботи учун хавфсизлик масалалари бўйича нуфузли халқаро форумда платформа тақдим этишни истамаслиги билан изоҳлади.

«Кремлдан биз ҳар куни эшитаётган баёнотлар Россия Путин уруш мақсади деб эълон қилган нарсадан, яъни Украинани йўқ қилишдан бир зарра ҳам чекинади, деган хулосага келишимизга имкон бермайди», деб тушунтирди Хойсген. 

Унга кўра, ҳукумат амалдорлари ўрнига Россиядан фуқаролик жамияти ва мухолифат вакиллари, жумладан шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаров ва олигарх Михаил Ходорковский таклиф қилинган. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top