Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 5 мингдан ошди. Сўнгги маълумотлар
Туркия жанубининг катта қисмида ва Сурия шимолида 5000 дан ортиқ киши ҳаётига зомин бўлган иккита кучли зилзиладан кейин тунда қутқарув амалиёти давом этди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 6 феврал кунги зилзилалардан жабрланган 10 та вилоятда уч ой муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Унинг маълум қилишича, 7 феврал куни тушдан кейин олинган маълумотларга кўра, Туркияда зилзила қурбонлари сони 3549 нафарга етган. Шунингдек, 20 мингдан ортиқ киши жароҳат олган. Олти мингга яқин бинолар вайрон бўлган.
Қўшни Сурияда эса камида 1602 киши ҳалок бўлган. Шу тариқа, икки мамлакатда қурбонларнинг жами сони 5 мингдан ошиб кетган.
ЖССТ баҳоларига кўра, зилзила ушбу минтақада яшайдиган 23 миллион киши ҳаётига таъсир қилади.
Учта зилзила
6 феврал куни 7,8 балли биринчи зилзила маҳаллий вақт билан соат 04:17 да рўй берди, унинг ўчоғи Туркия жануби-шарқидаги Ғозиантеп шаҳридан 17,9 км масофада жойлашган. Унинг ортидан 40 дан ортиқ афтершоклар кузатилди.
Кейин маҳаллий вақт билан тахминан соат 13:30 да 7,5 балли иккинчи зилзила содир бўлди. Унинг эпимаркази Туркия жануби-шарқидаги Қаҳраманмараш вилоятининг Элбистан шаҳри ҳудудида жойлашган.
Бу фалокат Туркия тарихидаги 1939 йилдан бери энг кучлиси бўлди. Ўшанда 7,8 магнитудали зилзила натижасида 33 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.

Сешанбага ўтар кечаси (Гринвич бўйича соат 03:13 да) Туркиянинг марказий қисмида яна бир кучли ер силкиниши кузатилган.
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, бу вақтда Голбаси шаҳрига 10 км масофада 5,5 балли зилзила қайд этилган. Европа-Ўрта Ер денгизи сейсмология маркази эса бу силкиниш магнитудасини 5,6 баллга баҳолаган.
Тун бўйи икки мамлакатда вайрон бўлган минглаб бинолар харобалари остида қолган одамларни қидириш учун қутқарув амалиёти давом эттирилди.
Қутқарувчилар кучли ёмғир ва қор ёғиб турган шароитда омон қолганларни топиш учун ҳаракатларини давом эттиришди. Тонг отгач қидирув ишлари фаоллашди.
Фото: EVRIM AYDIN/ANADOLU AGENCY
Sertac Kayar / Reuters / Scanpix / LETA
Фото: BESTAMI BODRUK/ANADOLU AGENCY
Туркия халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраб мурожаат қилгач, дунёнинг кўплаб мамлакатлари Туркияга қутқарув гуруҳлари юбормоқда.
Жабрланган ҳудудларга БМТ, Евроиттифоқ, НАТО ташкилотлари, шунингдек АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Япония, Эрон, Австралия, Янги Зеландия, Греция, Покистон ва бошқа мамлакатлар қаторида Ўзбекистондан ҳам ёрдам етиб борган.
Сешанба тонгида Истанбул аэропортига Ироқдан 70 тонна озиқ-овқат, дори-дармон ва бирламчи эҳтиёж буюмлари олиб келган самолётлар қўнди.
Туркия Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатларга қарши курашиш бўйича бошқармаси (AFAD) маълумотига кўра, жабрланган ҳудудларда 24 мингдан ортиқ қутқарувчилар иш олиб бормоқда.
Қизил Яримой жамияти президенти Карим Киник одамлардан гуманитар ёрдам бериш учун ҳалокат жойига ўз автомобилларида бормасликни сўраган. Кўрпа, иссиқ кийим ва пойабзалларни йиғиш пунктларига келтириш хавфсизроқ бўлиши, улар кейинчалик жабрланган ҳудудлар бўйлаб тақсимланиши айтилган.
«Автомобиллар йўллардаги 50 метрлик ёриқларга тушиб кетган. Йўлларда қор ёғмоқда ва музлаш кузатилмоқда», дея огоҳлантирган у.
Метеорологларга кўра, кучли ёмғирлар ва қор бўронлари ортидан Туркия жануби ва Сурия шимолида бу ҳафта анча қуруқ, қуёшли ва салқин келади.
Биринчи зилзила рўй берган Ғозиантепда тунда ҳарорат - 7 даражагача пасайган. Тоғли ҳудудларда жойлашган шаҳар ва қишлоқларда эса ҳарорат -15 даражагача тушган бўлиши мумкин. Сурияда иссиқроқ, аммо бу ерда ҳам тунда ҳарорат нолдан пасайган.
Изғирин, қор ва ёмғирлар қулаган бинолар вайроналари остидан омон қолганларни қидириш ишларини қийинлаштирмоқда ва харобалар остида қолиб кетганларнинг омон қолиш имконини пасайтирмоқда. Шунингдек, бошпанасиз қолганлар совуқда очиқ осмон остида тунашга мажбур бўлган.
Сешанба кунги тонгга келиб мамлакатга 300 минг адёл ва 40 мингдан ортиқ палатка етказилган.


Мавзуга оид
16:15 / 01.02.2026
Туркияда автобус ағдарилиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди
09:03 / 31.01.2026
Туркияда депортация бекор қилинмади — расмий изоҳ
14:41 / 30.01.2026
Туркияга ишга чиқиш осонлашади: малака баҳолаш ва сертификатлаш бошланади
23:10 / 29.01.2026