Ўзбекистон | 13:05 / 07.02.2023
40367
2 дақиқада ўқилади

Туркиядаги зилзила оқибатида Ўзбекистоннинг бир фуқароси ҳалок бўлган

Тўрт нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолган.

Фото: AP

Туркияда рўй берган зилзила оқибатида Малатя вилоятида Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлади. Бу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилади.

2023 йил 7 феврал (Тошкент вақти билан) соат 10.00 ҳолатига кўра, зилзила оқибатида Малатя провинциясида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. 

Бундан ташқари, тўрт нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолган. Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда.

«Ҳозирда зилзила оқибатида зарар кўрган фуқароларимизга тегишли ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган штаб ташкил этилган бўлиб, унга қуйидаги рақам орқали мурожаат қилиш мумкин +90-538-035-85-34», дейилади маълумотда.

  • 6 феврал куни Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 балли зилзила қурбонлари сони 5 мингга яқинлашди. Қутқарувчиларнинг сўнгги ҳисобларига кўра, Туркия ва Сурияда зилзила оқибатида жами 4890 кишининг ўлими рўйхатга олинган. Туркияда сешанба тонгига келиб қурбонлар сони 3381 нафарга етган, яна 20 426 киши жароҳатланган. Зилзила оқибатида 5 775 бино вайрон бўлган. Сурияда эса 1509 кишининг ўлими тасдиқланган.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид